Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўзбекистон давлат санъат музейидан суратларнинг ўғирлаб кетилиши билан боғлиқ жиноий иш ҳақида янги тафсилотларни маълум қилишди. Бу ҳақида “Ахборот” информацион дастурида маълум қилинган.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон давлат санъат музейнинг собиқ раҳбари Мирфайзи Усмонов музейнинг бошқа ходимлари билан тил бириктирган ҳолда асл нусхаларни сохталари билан алмаштириш орқали давлатга 47,5 миллиард сўмлик зарар келтирган. Музейдаги 68 мингга яқин суратларни текшириш натижасида 178 та картина сохталаштирилгани, иккитасининг йўқолгани аниқланди, деб ёзади Kun.uz.

Жумладан, музей фондидаги 7 та сурат Россия фуқароси Таир Таировга 5,1 минг АҚШ долларига пуллангани маълум бўлди.

Россия Федерациясида кўрилган чора-тадбирлар натижасида А.Николаевнинг “Мева кўтарган қиз”, Н.Караханнинг “Ҳовуздаги қиз”, О.Татевосьяннинг “Балиқ овида”, “Чойхона”, “Ургут йўлида”, М.Зоммернинг “Тоғ дарёси бўйлаб ўтган кўприк” ва “Кабобхона” картиналари музейга қайтарилди.

Мазкур жиноий иш юзасидан музейнинг 13 ходими тегишли жазога тортилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида жойлашган Игорь Савицкий номидаги санъат музейидан бешта суратнинг йўқолгани ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Хабар берилишича, музейдаги бешта суратнинг йўқолгани ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилган. Мазкур суратларнинг йўқолгани мутахассислар томонидан музейнинг 85 мингдан ортиқ тасвирий ишлари ичидан 800 дан зиёди махсус текширувдан ўтказилганидан сўнг аниқланган.

“Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, музейда Ганнинг “Дам олишда”, Кашиннинг “Овулда”, Сафроновнинг “Шляпадаги аёл портрети”, Турусовнинг “Узумзор”, Караханнинг “Лола тераётган аёллар” картиналари ўрнига бутунлай бошқа ижод намуналари сақланаётган экан”, дейилади “Ахборот” сюжетида.

Махсус комиссия хулосасига кўра, кўрсатиб ўтилган суратларнинг умумий қиймати 581,6 миллион сўмни ташкил этади.

SHARE