Шу йилнинг 4 сентябрь, жума куни туш вақтида айрим оммавий ахборот воситаларида тарқатилган “портлаш” аслида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бўлинмалари томонидан ўтказилган ўқув машғулотининг бир қисми бўлган. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб “РИА Новости” хабар тарқатди.

“Тошкент вақти билан соат 13.32 да пойтахтдаги масжидларнинг бири ёнида шартли равишда олинган террорист қўлбола портловчи қурилмани ишга туширади. Шундан сўнг “тревога” буйруғидан сўнг шаҳар милицияси оёққа турғазилиб, туман қуршаб олинган. Бу идора ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади”, деб изоҳ берди ИИВ матбуот хизмати.

Ўқув машғулоти сценарийсига кўра, айни бир вақтнинг ўзида “жиноятчи”ни излаб топиш бўйича тезкор-қидирув тадбири ҳам амалга оширилган. “Жиноятчи” 15 минутдан сўнг қўшни кварталда топилган.

“Машғулот сценарийси максимал даражада ҳаётий қилиб тайёрланган. Унинг асосий вазифаларидан бири Тошкентдаги бошқа идоралар — ёнғинга қарши хизмат ва фавқулодда вазиятлар идораларининг бундай ҳолатларга тайёргарлигини текшириш ҳисобланган. Машғулотнинг биринчи босқичида ушбу хизматлар ўқув машғулоти ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган”, дейилади хабарда.

SHARE