Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўп қаватли уйларда параболик антенналар ёки кондиционерлар ўрнатишни чеклашга қаратилган ҳеч қандай қарор ёки фармойиш қабул қилган эмас. Бундай масала кун тартибига ҳам қўйилгани йўқ. Бу ҳақида Тошкент шаҳар матбуот хизмати томонилан ўтказилган брифингда маълум қилинган.

Ҳокимлик вакилига кўра, биноларни ва кўп қаватли турар-жойларнинг ҳолатини ўрганиш жараёнида мутахассислар томонидан Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг айрим қоидаари бузилаётгани ҳолатлари аниқланмоқда.

Айниқса, кўп қаватли уйлар олдидаги ноқонуний қурилмалар, айвонларни ўзгартириш, ғишт билан ўраб олиш ва хонадонлар ичидаги ноқонуний таъмирлашлар нафақат уйларнинг фасад қисмлари кўринишига, балки бевосита уларда яшовчи фуқаролар хавфсизлигига ҳам таҳдид қилади.

Бу каби ўзгартишлар кўп қаватли уйларнинг қурилиш нормативларига ҳам зиддир. Шу билан бирга, бир қатор хизмат кўрсатувчи ташкилотлар кабель телевидениелари тармоқларига улашда ҳам уйларнинг уй йўлаклари қисмида махсус ажратилган жойлар кўзда тутилганига қарамай, том устлари орқали улашларни амалга оширмоқдалар, бу эса замонавий полизол қопламаларини шикастлайди, айрим уйларнинг фасадларида эса уланиш симларининг осилиб туриши янада ачинарли ҳолдир.

SHARE