Назар Эшонқул: “Омма эҳтиёжи билан адабиёт ҳам, санъат ҳам белгиланмайди”

Адабиётимиз юкини катта истеъдодлар кўтариб турибди. Ана шундай адибларимиздан бири Назар Эшонқулнинг “Ялпиз ҳиди” китобини яқинда яна қайта ўқиб чиқдим. Ёзувчи “Ялпиз ҳиди” ҳикоясида Самандарнинг қишлоқдан шаҳарга келган пайтлари, туйғуларининг нақадар поклиги, ҳаётга завқ-шавқи, ҳайрати ва армони илҳом ва маҳорат билан тасвирланган. Унинг “Уруш одамлари”, “Момоқўшиқ”, “Тун панжаралари” қиссаларида ҳам самимий, соф туйғулар, илиқ хотиралар акс этганки, китобхонни асло бефарқ қолдирмайди.

Адиб билан суҳбатимиз адабиёт, китоб, бадиий асарлар… энг муҳими, инсон тарбиясига бағишланди.

– Назар ака, мамлакатимизда китоблар, айниқса, яхши асарлар, хусусан, мумтоз адиблар асарларининг тарғиботи қай даражада деб ўйлайсиз. Бугунги кун кишисига қандай асарлар ёқади?

– Агар китобхон деганда кенг омма тушунилаётган бўлса, унда бу тоифага бугун ҳам, кечаги кунда ҳам олди-қочди, эрмак, вақт ўтказишга, маиший ғурбатларга қурилган енгил-элпи асарлар ёққан. Бозор эса оммавий харидорлар эҳтиёжига мослашади. Шундай экан, “бугунги кун кишиси” деганда ким назарда тутиляпти?! Агар диди бозор талабларига мос ўқувчи бўлса, унда унга тарғиботнинг кераги йўқ. Бозор нуқтаи назаридан “нодир асарлар” сифатида талқин қилинаётган оммавий дидга мос асарлар тарғиботга муҳтож эмас. Улар шусиз ҳам ўз харидорини топаяпти. “Бестселлер” ёки “кўп сотиладиган”, “оммавий ўқиладиган” деган мезон адабиётнинг эмас, тижоратнинг ўлчови. Омма эҳтиёжи билан адабиёт ҳам, санъат ҳам белгиланмайди. Оломон диди бугуннинг маиший майл ва истакларини қондиради, ақл ва руҳнинг эҳтиёжини эмас. Оддийгина қиёс: мумтоз усулнинг жонли ижросида фалш дарров сезилади, бу усулда ясама ҳофиз яратиб бўлмайди. Шунинг учун мумтоз усул оммавий эмас. Лекин ҳақиқий овоз, ҳақиқий истеъдод шу усулда намоён бўлади. Қолганини эса ота-боболаримиз “ялла”чилик деган. Яллачиликда сохта “ҳофиз”лар тиқилиб ётибди. Омма ҳам ўша сохта овозларга шайдо бўлади. Бунга қарши курашишнинг бирдан-бир йўли – руҳни ҳақиқий санъат асари билан тўйинтиришни ўрганиш керак. Тафаккур ва руҳ эҳтиёжини фақат ҳақиқий адабий асарлар қондиради. Адабиёт ҳам санъатнинг шу қонунига бўйсунади. Лекин тижорат адабиётлари дид ва савияга дахл қилаётган экан, асл адабиётга нисбатан онгли равишда тарғибот керак. Бу соҳада эса оқсашларимиз кўп. Энг ёмони, тарғибот минбари бўлган матбуот ходимлари ичида ҳам оломон адабиёти билан ҳақиқий адабиётнинг фарқига бормайдиганлар анчагина. Оммавий тарзда ўқиладиган нашрларга бир эътибор беринг. Уларда қайси шоир ёки адиблар, қандай асарлар қай йўсинда, қандай тил, қандай усул билан тарғиб қилинаяпти? Кимларга салкам даҳолик мақомларини “туҳфа” қилишмаяпти улар?! Адабий дидимизга дахл қилаётган яна бир манзара бор. Ҳукумат миқёсида тил билишга бўлган эътибор туфайли бугун хориж тилини билгувчилар кўпайди. Хориж тилидан тўғридан-тўғри таржима қилувчилар пайдо бўлди. Бу жуда қувонарли ҳол. Лекин бу таржимонлар аксариятининг адабий диди ҳаминқадар. Улар ўзлари ўгираётган тилдаги ноёб асарлар сифатида таржима қилишаётган шоир-ёзувчиларнинг аксарияти юқорида айтганимиз, тижорий адиблар. Савияси шу поғонадан кўтарилмаган таржимонларнинг “саъй- ҳаракати” билан ўгирилган “юксак адабий асарни” ўқиган ёшларимиз дунё адабиёти мезонини ана шу “ноёб асарлар”га қараб белгиламайди деб ким кафолат беради?

Бу ҳолат эса асл адабиёт тарғиботини янада хиралаштиради, асл адабиёт, асл сўз санъати ҳақидаги тасаввурни, мезонни, меъёрни ўзгартиради. Асл адабиёт билан тижорат адабиётининг, ҳақиқий шоир билан яллачи шоир¬нинг фарқига бормайдиган ўқувчилар ана шу нашрларни, ана шу таржималарни ўқиб, пайдо бўлаяпти. Дидсизликнинг бу тарзда “омма¬вийлашиши” жуда хатарли. Шунинг учун ҳам асл билан “ясама”нинг фарқини тушунтириб турадиган зиёлилар тарғиботи керак.

– Адабиёт эзгулик ва ёвузлик, Раҳмон ва шайтон ўртасидаги кураш саҳнаси бўлиб келган. Лекин бугун, ўқувчи таассуроти билан айтганда, адабиётда “ёмонлар” ва яхшилар”нинг қиёфаси кўринмай қолди. Шу жиҳатдан унинг ҳам вазифаси хиралашди. Шу пайтгача, адабиёт инсоннинг эзгулик ва ёвузлик тасаввурларини тарбиялаш билан шуғулланиб келарди. Зотан, адабиёт бу – адаб, яъни одоб фани эди. Лекин айни кунда бу илмни иккинчи даражали деб ўйловчилар ҳам йўқ эмас. Сиз бу масалада нима дейсиз?

– Адабиётдаги образларнинг “яхшилар” ва “ёмонлар”га бўлиниши, ўқувчида фақат шу таассуротлар уйғотиши бугун ибтидоий вазифа бўлиб қолди. Чунки бугун Раҳмон ва шайтон ўртасидаги кураш одамзоднинг ичига кўчди. Адабиёт ҳам энди кураш саҳнасини воқеаларга эмас, замон каби ўта мураккаблашган одамнинг ичига кўчирди: у ўзи ҳақидаги тасаввурлари ва қарашлари мураккаблашган, хиралашган одамни таҳлил қилишга, одамнинг ўзига унинг ўзи ҳақида “билим” беришга мажбур бўлаяпти. Жаннатдан қувилган одам бугунги кунда ўзи билан ўзи бесамар курашишга, шу кураш орқали ё ўзини тиклаб юксакликка кўтарилишга ёки таназзулга ботишга маҳкум этилган. Мабодоки, муқаддас китобларда битилгандек, наботот, ҳайвонот, жами табиат инсон учун яратилган экан, демак, “табиат”, “олам” деган тушунча инсоннинг ўзидир. Ундан ўзга нарса эмас. Биз табиатнинг бир бўлаги, унинг маркази, онгли қисмимиз. Биз нимани танласак, эртанги дунё бизга ўша томондан юз очади. Қачон инсон ташқаридаги олам ўзиники ва унинг ўзи эканини англаб етгандан сўнггина ўша азалий курашда мақсад пайдо бўлиши мумкин. Адабиёт одамзодга ана шу мақсадни англатиш учун яралган. Биринчи онгли инсон билан бугунги инсоннинг қалбида, кўнглида, ниятида деярли ўзгариш йўқ. Фақат тараққиёт, ҳаракат, шакллар, қиёфалар, усуллар ўзгарди. Мақсад ва моҳият эса ўша ҳолича турибди. Инсон қалби ҳали ҳам ўша илк дафъа ҳис этилган ва “забт этиш” бошланган эзгулик ва ёвузликнинг кураш майдони бўлиб турибди. Шунинг учун адабиётнинг вазифаси ҳам заррача бўлса-да ўзгаргани йўқ. Мен ҳақиқий адабиётни ўткинчи мафкуралардан баланд қўяман. Унинг бош мафкураси — инсон қалбидаги ўша эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашни, фарқни кўрсатиб бериш, инсоннинг руҳини бу курашда матонатли қилишдир. Фолкнер буни соддароқ тушунтирган: “Адабиёт инсонни бардош беришга ўргатиши керак!” Шундай. Адабиёт инсонни бардош беришга, енгиб ўтишга ўргатиши керак. Бунинг учун унинг тасарруфида кўплаб усуллар, шакллар, гўзаллик ва жозиба бор. Мен шу пайтгача адабиётдан бир нарсани ўргандим: гуманизмдан холи ҳар қандай асар адабиёт эмас, инсон қалбини гўзалликдан маҳрум қиладиган, унинг дағаллашишига хизмат қиладиган ҳар қандай асар адабиёт эмас. Адабиёт гўзаллик дегани, гўзаллик билан дунёни қутқариш, унга даъват қилиш дегани.

Кино ҳақидаги бир кўрсатувни кўрикдан ўтказаётганимизда жуда замоновий кийинган, соч ўстириши, гапириш усули, ҳатто чулчутлиги ҳам замонавий, ўзини замонавий кинонинг замонавий даҳоси ҳисоблайдиган бир режиссёр шундай деди: ”Мен кинонинг тарбия воситаси эканлигига сира ҳам қўшилмайман. Кино одамни экстаз ҳолатга тушириши керак. Унинг вазифаси шу!” Бугун адабиётга шундай ёрлиқ илувчилар тиқилиб ётибди. Ўз фикрларини исботлаш учун дунёнинг даҳо режиссёрларидан, санъаткорларидан иқтибослар келтиришади. Ўша даҳо санъаткорлар тушунган “тарбия воситаси эмас” деган фикр тагида аслида тарбияга ундов ётганини тушунишмайди. Улар бу хил улуғлар фикрининг, савияларига яраша, ташқи қатламини олишади. Бунақа иддаолар ўзининг ё истеъдодсизлигини, ё саводсизлигини ёки асарининг бир пулга қимматлигини яшириш, хаспўшлаш учун айтилади. Истаймизми, йўқми, ҳар қандай санъат асари бу — тарбия воситаси. Фақат “тарбия воситаси” эканини ўқувчининг қўлидан ушлаб, “сени бир тарбиялаб қўяй” деб панд-насиҳат қилиш, одоб ахлоқдан маъруза ўқиш деб тушуниш кулгили бўларди. Санъат, жумладан, адабиёт ҳам ўқувчининг эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги қарашларини, эстетик дидини, дунёқарашини, иймон-эътиқодини, олам ва одамга муносабатини, гўзаллик ҳақидаги тушунчаларини, ҳиссиётини, туйғуларини тарбиялайди. Санъат тарбияламаган нафақат одоб-ахлоқ, балки туйғу ва ҳиссиётлар ҳам қўпол ва тийиқсиз бўлади. Бир замоновий “аллома” шундай деб важ кўрсатганди: “Менинг момом ғирт саводсиз бўлган. Лекин эзгулик ва ёвузлик ҳақидаги тушунчалари ҳам, одоб-ахлоқи, туйғу-ҳиссиётлари, одампарварлиги ҳам ҳавас қилгулик эди”. Ўша “саводсиз” бўлган, лекин ҳавас қилгулик тарзда “одамий” бўлган момони тарбиялаган муҳит адабиёт (оғзаки ёки ёзма) ва санъат (маросим, урф, кундалик юмуш кўринишидаги), шу санъат ва адабиётдан ўсиб чиққан асрий маданият асосида шаклланганига эътибор ҳам бермайди. Санъатнинг сиз айтмоқчи, “одоб фани” эканини инкор қиладиган, унинг ўрнини босадиган тушунча ҳали пайдо бўлгани йўқ. Пайдо бўлмайди ҳам. Машҳур мусаввир Ван Гогнинг укаси Теога ёзган хатларида шундай гапи бор: “Ижод дунёсини акс эттирадиган битта сўз айт. Агар у ростданам ижод ҳосиласи бўлса, бу сўз ижодкорни, албатта, парвардигор томон бошлаб боради”. Адабиёт азалдан инсон қалбини, руҳини ёвузлашишдан, хунуклашишдан, тубанлашишдан, тошга (бугунги кун тили билан айтганда, темирга) айланишидан, бошқача айтганда, худосизлашишидан ҳимоя қилган ва бундан ке¬йин ҳам шу вазифасини бажаришда давом этаверади. Ана шу нарсаларга кўнглида, руҳида эҳтиёжи борлар унга мурожаат қилаверади.

– Кейинги пайтда яхши асар билан ёмон асарнинг фарқига бормайдиган китобхонлар кўпайиб бораяпти. Булар таъбир жоиз бўлса, олдига нимани қўйсангиз шуни тановул қилиб кетувчи дидсиз хўрандаларга ўхшайди. Хусусан, яқинда бир ношир билан суҳбатлашдим. У киши ҳозир бадииятдан бирмунча йироқ, кўпроқ олди-қочди воқеалар билан тўлдирилган китобларга талаб юқори эканини айтганда, очиғи, ҳайрон қолдим. Бу кетишда аста-секин адабиётни теран ҳис этувчи, саводхон, зиёлилардан ажралиб қолмаймизми?

– Олдига нимани қўйса, фарқига бормай еяверадиган “хўранда” ё узоқ вақт ўрмонда ё саҳрода ёввойи тарзда кун кечирган, ё унинг таъм, ҳид билиш инстинктлари ўлган, яъни мияси касалланган. Эҳтимол, у ҳозир ўзининг касаллигини билмас, бироқ барибир “иситма” касалликни ошкор қилади. Ғарб дунёсидаги маънавий ўпирилишлар, оила, меҳру оқибат таназзули ана шу касалликнинг “иситмаси”дир. Оломоннинг истак ва майлларини “демократия” деб талқин қилганларнинг ўзи бугун боши берк кўчага кириб қолди. Инсон табиатида барибир ёввойи майллар яшайди. Бу майллар инсонни ҳайвоний нафс ва ҳирслар билан боғлаб туради. Фақат иймон тарафида турган адабиёт ва санъатгина бу майлларнинг инсон руҳида ҳукм¬ронлик қилишини чеклаб, ҳовурини пасайтиради. Шу сабабли санъатсиз дунё ёввойиликка олиб келади. Гап чинакам санъат ҳақида бораяпти. Ғарб маънавиятида анъаналар, қадриятлар ўз моҳиятини йўқотиши билан уларнинг ўрнини инсоннинг биологик майллари эгаллаб олди — бу жиддий касаллик эди. Бу хил касалликнинг бир кўриниши оломон маданияти деб аталади. Оломон маданияти тез тарқалувчи, тез ва осон юқувчи ўта хавфли “касаллик”. У ҳали тасаввурлари шаклланмаганларни осонгина ўзига мафтун қилиб олади. У дидни, савияни ўлдиради, одамни илдизидан узади, секин-аста манқуртга айлантириб қўяди. Аслида унинг орқасида турганларнинг мақсади ҳам шу: олдин алоҳида инсонни, кейин бутун миллатни ўз қиёфасидан, фазилат ва суянчларидан, анъана ва қадриятларидан айро қилишдир. Қиёфасидан, суянчидан, сув ичиб турган сарчашмаларидан айрилган инсоннинг ҳам, миллатнинг ҳам қулдан фарқи қолмайди. Шундай экан, бу ҳолатга фақат “зиёли ўқувчидан ажралиб қолиш”гина деб қараб бўлмайди. Бу ерда асл адабиёт фақат “ўз ўқувчиси”ни йўқотмайди, балки бадиият шакллантирган дид, маданият, гўзаллик, завқ, теранлик, тафаккур, энг даҳшати инсоният эришган улуғ маданият — гуманизм хавф остида қолади. Бу ҳолат миллатга, унинг дидига, инсонга ва унинг моҳиятига хатар туғдиради. “Пайғамбарлар китоби” (“Книга Илая”) филмини эслайсизми? Келажак ҳақидаги антиутопия. Коинот миқёсидаги ҳалокатдан сўнг одамзоднинг бир қисми зўрға жон сақлаб қолади. Бу пайтда тамаддунлар эришган барча нарса одамзоднинг хотирасидан чиқиб кетган. Одамзод деярли ҳайвон тусини олган, бугунги инсоний фазилатлар қолмаган, яшаш учун курашадиган, қорнини тўйғизишдан бош¬қасини билмайдиган ваҳший тўдага айланган. Ана шу ёввойи тўдани фақат китобгина маданий йўлга бошлайди, китоб билан одамзодни тиклаш бошланади. Аянчли, лекин аччиқ, сабоқ чиқарадиган хулоса. Кинодагидай одам қиёфасидаги тўдага айланмаслик учун биргаликда, онгли ва режали тарзда курашиш керак. Асл адабиётнинг ўз ўқувчисини бой беришига фақат адабиётнинг фожиаси деб қараш нотўғри. Бу ижтимоий, оламий фожиа. “Пайғамбарлар китоби” филми одамзодни китобнинг, китобхонликнинг, табиийки, адабиётнинг, “адаб фанининг” бой берилиши, хатари нималарга олиб келишидан огоҳлантираяпти. Масалага ана шундай қараш керак.

– Бугун адабиётимизда қандайдир сокинлик ҳолати кузатилмоқда. Замонамизга ҳамоҳанг, бадиий юксак, одамни ҳайратга соладиган роман, қисса, ҳикоя ва ҳатто шеърлар ҳам кам яратилаётгандек…

– Сокинлик асли адабиётга хос ҳодиса. У сокин ривожланади, сокин ўзгаради, сокин эврилади. Адабиётимиздаги сокинлик ҳам шунга ўхшайди. Масалан, Аҳмад Аъзамнинг Гулханий ва Свифт анъаналарини давом эттириб ёзилган “Рўё” асари сокин қабул қилинди. Аслида бу асар турли талқинга, шов-шувли муҳокамага лойиқ асар эди. “Рўё…” романини ХХI аср ўзбек насрининг янги романи сифатида бемалол баҳолаш мумкин. Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам романлари, Нурулла Рауфхон, Баҳодир Абдураззоқ ҳикоялари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Шоирларимиз ижодида ҳам сокин шеърга қайтиш бошланди. Бугун Фахриёр, Ҳалима Аҳмедова, Зебо Мирзаева, Салим Ашур, Азиз Саид, Гулноз Мўминова каби шоирлар энг яхши, шу даврнинг ютуғи бўлган шеърларни ёзишяпти. Ўтган йили Шодиқул Ҳамронинг янги қиссасини ўқигандим, лекин ҳали эълон қилинмади, чоғи. Бу асар ҳам ўзига хос адабий ҳодиса бўлади. Эълон қилинмаган асарлар кўп. Муҳими, сокинлик ижодкорларнинг руҳига ўтиришаяпти. Улар асарларини шон-шуҳрат, шов-шув учун ёзишмаяпти. Бадиият ва Кўнгил учун ёзишаяпти. Бу ўзига ишончни, адабиёт кўнгилга қайтаётганини билдиради. Бу асарларда инсон қалби ҳимоя қилинаётганининг ўзи адабиёт ким тарафда турганини кўрсатиб турибди. Умуман олганда, адабиёт ўз вазифасини “адо этаяпти” ёки “адо этмаяпти”, борингки, “қисман адо этаяпти” деган жавобим барибир бугунги адабий жараённинг тўлақонли манзараси бўлолмайди. Чунки тирикчилик ва ўз ташвишларимиз билан ўралашиб қолганимиз туфайли биз адабий жараённинг барча қирраларидан тўлақонли хабардор эмасмиз. Саволингизга жавоб бериш учун эса адабий жараённинг “бадиият” дейишга арзийдиган барча асарларидан, ҳатто кичкина шеърлардан ҳам хабардор бўлишимиз талаб этилади. Бунга эса бизда энг аввало ҳафсала ҳам, қолаверса, хоҳиш, кейин вақт ҳам йўқ. Биз бўйнимиздан боғлаб олиб, изидан етаклаганча чопаётган Вақт изидан ҳансираб югуриб бораяпмиз. Атрофга аланглашга ёки англашга ўзимизда куч ҳам, хоҳиш ҳам тополаётганимиз йўқ.

Вақтида адабиётнинг олди қаторларида турган, кейин йигирма йилча умуман бошқа бир иш билан машғул бўлган бир адиб бир-икки йил олдин шундай деганди: “Яқинда кейинги йилларда эълон қилинган асарларни ҳафсала билан ўқиб чиқиб, адабиёт йигирма йил олдин тўхтаб қолмаганини сездим”. Адабиёт тўхтаб қолмаганини ҳис қилиш ва холис баҳо бериш ўша адибга ўхшаб ҳафсала билан ўқишимиз, бунга ўзимизда куч ва ҳафсала топа олишимиз керак бўлади. Адабиётимизда ҳайратга тушадиган асарлар, кам бўлса ҳам, ёзилаяпти, лекин ҳайратланадиган ўқувчи камайиб бораяпти.

– Бугунги ахборот асрига, хусусан, Интернетга муносабатингиз қандай?

– Муносабатим ижобий. Интернет ҳам инсон кашф қилган бир мўъжиза. Фақат ундан ким қайси мақсадда фойдаланаяпти, масала шунда. Агар ғаразли ниятда фойдалансангиз, у ёвуз, бошқариб бўлмас кучга айланади. Яхши ниятда фойдалансангиз, қулай, осон замонавий восита. Бозордан пичоқ сотиб олаётганларнинг ҳаммасини қотиллик қилади, деб ўйлаш қанчалик кулгили бўлса, ўзимиздаги айбни ҳам интернетга тақаш ҳам шунчалик кулгили.

– «Маймун етаклаган одам» ҳикоянгиз адабиётимизда катта шов-шув, воқеа бўлганди. Ундан кейин ёзилган кўплаб қисса ва ҳикояларингиз ҳам китобхонлар меҳрини қозонди. “Шарқ юлдузи” журналида “Гўрўғли” номли романингиз чоп этилди. Лекин бу асарга кам муносабат билдирилди. Сабабини нима деб ўйлайсиз?

— Бу ҳолатни адабиётшунослардан сўраш керак. “Гўрўғли” романи сўзбошида ёзганимдек, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида, нақ йигирма беш-йигирма олти йил олдин ёзилган. Мен уни бир неча марта қайта ишлашга уриндим. Лекин қандай туғилган бўлса шу ҳолатда қолди, ўзгартиролмадим. Эълон қилишдан олдин беш-ўнта ўзим ҳурмат қиладиган адиблар, адабиётшунослар ўқиди. Уларнинг ундови билан нашр қилишга рози бўлдим. Журналда романнинг тахминан учдан бир қисми эълон қилинди. Китоб ҳолида эълон қилишга ўзимда ҳали ҳафсала сезганим йўқ. Журнал вариант тугал хулоса қилишга халақит беради. Ўзини ҳурмат қиладиган танқидчими, адибми, асарни тўла ҳолда ўқимай фикр билдирмайди. Фикр билдирган тақдирда ҳам у бирламчи тасаввур бўлади, холос. Сабаби шу бўлса керак…

— Йўлдош Солижонов “Гўрўғли” романини Кафкага тақлид қилиб ёзилган деса, Умарали Норматов бу фикрга қўшилмади…

— Умарали Норматов мен юқорида айтган, романни тўла ҳолда ўқиган беш-ўнта кишининг биттаси эди. Йўлдош Солижонов домла эса журнал вариантидан келиб чиқиб, фикр айтган бўлса керак. Мен у кишига қўлёзма тақдим қилганим йўқ. Мен домланинг адабий фаоллиги учун жуда ҳурмат қиламан. Тўғриси, йигирма беш йил аввалги Назар Эшонқул улуғ Кафкага қандай тақлид қилгани менинг учун ҳам қизиқ туюлади.

— Ўзингиз бу роман ҳақида қандай фикрдасиз?! Ўзингизнинг кўнглингиз тўлганми? Бу роман орқали нима демоқчисиз ўзи? Нега Гўрўғли? Ваҳоланки, достон ҳақида ҳеч қандай гап йўқ асарда.

— Сизнинг бу саволингизга жавоб топганимда йигирма беш йил аввал эълон қилган бўлардим. Ҳалигача роман ҳақида тугал хулосам йўқ. Мен уни ўша пайтдаги таассуротларим ва қарашларим билан ёздим. Кейин ўзгартиришга қурбим етмади. Бор гап шу. Тўғри, асарда “Гўрўғли” достони ҳақида гап йўқ. Лекин достондаги моҳият бор: Гўрўғли гўрда туғилади, Н. эса ўзининг тириклигини, мавжудлигини, ўзининг “мен”и борлигини исбот қилиб беролмаган лаҳадга ўхшаш жамиятда яшайди. Мен иккита ҳолатни таҳлил қилишга уриндим: биринчиси, исми марҳумлар рўйхатига тушиб қолган одам ўзининг тирик эканлигини исбот қилиб беролмагани, иккинчиси жамиятнинг қаҳрамонга муносабати. Бу муносабат бошлиқ ёрдамчисининг қаҳрамонга “Исм барча ҳарфлар каби бир ҳарф, шу чалкашликка хафа бўласизми?” деган гапи. Н. эса “мен ҳарф эмасман, сўзман” дейди. У тақдирга тан бермайди. Барча фожиа ана шу икки тўқнашувдан туғилади. Ҳарфда маъно йўқ. Сўзда эса маъно, яъни “мен” бор. Гўрўғлининг қудрати унинг гўрда туғилганида, Н.нинг фожиаси гўрга айланган жамиятда яшаб туриб, ўзининг тириклигини исботламоқчи бўлганида. Гўрўғли турли ўлкаларга сафар қилиб, улуғ қаҳрамонликлар кўрсатади, Н. эса бутун роман давомида турли муассасаларга бош уриб, ўзининг бор-йўғи тирик эканлигини исботлаб беролмайди, жамият қонун ва тартиблари бунга йўл бермайди. Охир-оқибат унга марҳумлар каби яшашдан бошқа имконият қолмайди. У лаҳадга қайтишга мажбур бўлади. Н.нинг қаҳрамонлиги шу. Булар шунчаки роман учун тўқилган, ўйлаб топилган кечинмалар эмас. Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳар бир зиёли худди шундай кечинмаларни ҳис этарди. Кечаги куннинг таҳлили биз шундай яшаганимизни кўрсатади… Лекин барибир роман ҳақида адабиётшунослар гапиргани маъқул.

— Кейинга йилларда матбуотда кам кўринаяпсиз. Сабаби нима?

— Сабаби кўп. Халқ тилида бундай вазият “Ўзимдан ортмаяпман” дейилади. Мен ҳам ўзимдан, ўз ташвишларимдан ортмаяпман…

— Сизнинг муаллифлигингизда яратилган “Опа-сингиллар” телесериали томошабинлар эътирофига сазовор бўлди. Табиийки, асар фабуласида, унинг асосий ички мазмун-моҳиятида профессионал ёзувчининг дастхати, меҳнати сезилиб турибди. Хўш, ўзингизнинг мазкур сериалдан кўнглингиз тўлдими? Умуман, сценарийлар ёзувчиликка халақит бермайдими? Услуб, дид сийқалашиб қолмайдими?

— Ёзувчи сифатида кўнглим тўлгани йўқ. Сценарийнавислик эса ёзувчиликка кўпам халақит беравермайди. Албатта, сценарийнавис адабиёт билан сценарийнависликнинг орасидаги чегарани, меъёрни билиши ва ҳамиша ушлаб туриши керак. Аслида бу сериалдаги сюжетни Асқад Мухтор домланинг анъанасига мос тарзда “Опа-сингиллар” номли романга айлантирмоқчи эдим. Бир учрашувимизда Миллий университет талабалари “Сиз нега сюжетли асар, масалан, муҳаббат ҳақида ёзмайсиз?! Замонавий муҳаббат ҳақида асар ёзиш қўлингиздан келмаса керак?!” қабилида савол беришганди. Замонавий мавзудаги муҳаббат “сюжети” ҳақида кўп ўйладим. Турли воқеалар яратдим. Шу ниятда уч опа-сингил тақдири акс этган бир эмас, уч муҳаббат сюжети пайдо бўлди. Лекин воқеага асосланган асар ёзиш қўлимдан келмади. Қораламалардан кўнглим тўлмади. Жумлалар мени қониқтирмади. Ўша пайтда менга радио ва кинодан турли таклифлар тушганди. Мен топган сюжетдан адабий асар чиқмагач, тирикчилик учун таклифларни қабул қилишга тўғри келди. Оқибатда романга айланиши керак бўлган йўналишлар турли теле-радио-кино маҳсулотга айланиб кетди. “Опа-сингиллар”даги Нафиса билан боғлиқ йўналиш тугуни, ечими, ҳатто ўғил туғиши билан боғлиқ якуни билан 760 қисмли “Ҳар дарднинг давоси бор” номли радиосериалга Паригул образи бўлиб сингиб кетди. Иккинчи қиз Насиба билан боғлиқ йўналиш эса “Севги фариштаси” номли сериалда Мафтуна номи билан бўй кўрсатди. Шаҳноза билан боғлиқ йўналиш Наргиза образида “Билагузук” номли филмнинг сценарийси эди. Уч тақдир, улар билан боғлиқ сериалда Мурод, Сарвар, Сардор, Жавлон, Икром сифатида танилган образлар асли ўша ёзолмаган романнинг бошқа номлардаги қаҳрамонлари эди. Роман барибир ёзилмади. Уларни романга айлантиришга кучим етмади. Шунда телесериалга айлантириш истаги туғилди. Жуда катта ҳажмдаги сценарий пайдо бўлди. Бу кўламнинг ичида керакли, кераксиз саҳналар, хуллас, романга айланмаган саҳналар кўп эди. Шунда мен ўзимга телевидение талабларини биладиган ҳаммуаллиф изладим. Замира Бегимқуловани таклиф қилдим. Бошқа бир режиссёр, чамамда, бу ишни эплолмасди. Опа эплади. Биринчи марта 140 қисмдан иборат сериал олинди. Шу сабабли “Опа-сингиллар” адабий асар сифатида мени қониқтиргани йўқ.

– Айни пайтда Ўзбекистон телерадиокомпанияси «Маданият ва маърифат» телеканалида фаолият кўрсатиб келмоқдасиз. Бу канал ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларнинг маърифати ва маданиятини юксалтириш борасида кўнгилдагидек хизмат қилмоқда. Сир бўлмаса, яна қандай янги лойиҳалар устида иш олиб бораяпсиз?

— Ҳукуматимиз бу телеканални ташкил қилишидан бош мақсад ҳам маърифат берувчилар ва маърифатга интилувчилар минбари ва аудиториясини пайдо қилиш эди. Ана шу вазифани тўлиқ бажаришга интилаяпмиз. Жамоамиз телевизорда ё қиёфаси ё номи кўриниши учун дастурлар тайёрлашмайди, балки маърифат, фикр, муносабат уйғотиш учун телевизорга чиқишади. Лойиҳалар кўп, лекин яхшиси, экранга чиққач, зиёлиларнинг ўзлари баҳо беришсин.

– Мазмунли суҳбатингиз учун сизга раҳмат.

Адиба Умирова суҳбатлашди.

Kh-davron.uz сайтидан олинди

SHARE