Нью-Йоркда Бухоро яҳудийлари ўзбек фильмлари кечасини ўтказди

Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан Нью-Йоркда Ўзбекистонда ишланган ҳужжатли фильмлар кечаси ўтказилди. У Бухоро яҳудийлари ёзувчилари, шоирлари ва журналистлари иттифоқи томонидан АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси, “Тошкент” фонди ва “Кайков-Медиа” телекомпанияси кўмагида ташкил этилди.

Kultura.uz сайти хабар беришича, кечанинг фахрий меҳмонлари Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги бош консуллиги вакиллари бўлди. Кечани очар экан, Bukharian Times газетаси бош муҳаррири Рафаэл Некталов меҳмонларни Ўзбекистоннинг сўнгги чорак асрдаги натижалари билан қисқача таништирди. У иштирокчиларни Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни билан табриклади.

Шунингдек, тадбир давомида “Ўзбекистон – телевидение ватани” ва “Агар сен ҳақ бўлсанг…” ҳужжатли фильмлари намойиш этилди.

Меҳмонларга, шунингдек, Тошкентда чоп этилган “Ўзбекистон санъат олами” журнали тақдим этилди.

“Менинг учун Ўзбекистон билан боғлиқ барча нарса жуда қадрлидир, – деди Бухоро яҳудийлари диаспораси вакили, “Рўшнои” клуби президенти Роберт Пинхасов. – Ушбу мамлакатда ўтказган кунларимиз биз учун унутилмас бўлди. Ўзбек ва яҳудий халқлари бир заминда 2 минг йил давомида бирга яшаб келган, бу даврда улар дўстликни сақлаб, маданият алмашинувини олиб борганлар. Биз бугун мамлакат қандай ривожланаётганини диққат билан кузатиб борамиз ва мустақиллик йилларидаги ютуқлардан фахрланамиз”.

Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги консули Баҳодир Ибрагимов ҳам ўз мамнуниятини билдирди: “Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонасида ишлаганимда Кирьят-Гат шаҳрида Ғафур Ғулом ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этиш бахтига мушарраф бўлган эдим. Ўзбекистонга бўлган бундай илиқ муносабатни Исроилдаги ва АҚШдаги диаспораларингизда кузатиш мумкин. Ўзбекистонни АҚШга танитиш борасидаги ишларимизни қўллаб-қувватлаётганингиз учун ташаккур”.