2014 йилда ўтказилган тадқиқотлар натижалари республика катта ёшдаги аҳолисининг 67,2 фоизга яқини сабзавотлар ва меваларни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этиладиган нормадан паст истеъмол қилишини, 37 фоизи туз миқдори ортиқса бўлган овқатни истеъмол қилишини, катта ёшдаги аҳолининг 16,4 фоизи эса жисмоний фаол эмаслигини кўрсатди. Бунинг натижасида катта ёшдаги аҳолининг 20,2 фоизи ортиқча вазнга ва 33,9 фоизи юқори қон босимга эга.

Бу ҳақида Ўзбекистон ҳукуматининг қарорида маълум қилинган.

Қарорда айтилишича, ижобий иқтисодий ўзгаришлар ва урбанизациянинг тез ўсиши ва унга хос бўлган турмуш тарзидаги ўзгаришлар барча иқтисодий ривожланган мамлакатлар учун хос бўлган нооқилона овқатланиш билан боғлиқ касалликлар даражаси ошишига олиб келди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш томонидан ушбу касалликлар юқумли бўлмаган касалликларнинг алоҳида гуруҳига ажратилган. Юқумли бўлмаган касалликлар даражасининг ошиши нооқилона овқатланиш билан биргаликда етарли бўлмаган жисмоний фаоллик, тамаки истеъмол қилиш ва алкоголни суиистеъмол қилиш билан боғлиқдир.