“Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линиясининг 104 километрида қурилиш, электрлаштириш ишлари ниҳоясига етказилди.

“Халқ сўзи” газетасининг ёзишича, умумий узунлиги 123,1 километрдан иборат бўлган ушбу йўлда 285 та сунъий иншоот ва cув ўтказиш қувурлари, умумий узунлиги 2,1 километрни ташкил этувчи 13 та кўприк, 6 та йўл ўтказгич, 2 та вокзал, 4 та станция, 4 та разъезд қуриб битказилди.

Шунингдек, янги темир йўлнинг “Ангрен” станциясидан туннелнинг Fарбий порталигача, “Поп” станциясидан Шарқий порталгача бўлган масофада темир йўл қурилиши ҳамда электрлаштириш ишлари тўлиқ якунланиб, поездлар ишчи ҳаракати ташкил этилди.

— Денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда “Қамчиқ” довони бўйлаб қурилаётган ушбу темир йўлда бунёдкорлик ишлари қизғин давом эттирилаяпти, — дейди “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл лойиҳаси мутахассиси Тожиддин Аблазов. — Хусусан, лойиҳа доирасида хитойлик ҳамкорлар билан қурилаётган, узунлиги 19,1 километрлик туннелнинг асосий стволини қазиш ишлари Fарбий ва Шарқий порталлар ҳамда қўшимча учта ёнбош шахталарда олиб борилаётгани боис бугунги кунгача 14 километр узунликда туннель қазилди. Бу кўрсаткич қўшимча туннелда қарийб 15 километрни ташкил этади. Қолаверса, туннелнинг 10 километрдан зиёд қисмида пардозлаш ишлари амалга оширилди.

Мазкур йирик лойиҳа қурилишида темир йўлчилар учун зарур шароитлар яратилиб, қурилиш объектларига замонавий техникалар ва материаллар ўз вақтида етказилмоқда. Бу эса тоғли ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг белгиланган режа асосида бажарилишини таъминлаяпти.

SHARE