Тошкент шаҳрида “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуида республика конференция-семинари бўлиб ўтди. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

Тадбирда Ўзбекистон Президентининг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш механизмлари муҳокама этилди.

Конференция-семинарда вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари, барча вилоятлардан келган тадбиркорлар иштирок этди.

Анжуманда 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурига мувофиқ амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар янги босқичининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хусусий мулк ва тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган янги қонунчилик нормаларини амалда сўзсиз қўллашини таъминлаш борасидаги вазифалари, йўл қўйилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш бўйича тадбиркорлик субъектлари билан ишни самарали ташкил этишга доир аниқ механизмларини ишлаб чиқиш ва бошқа масалалар батафсил муҳокама қилинди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов сўзга чиқди.

Анжуманда қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг ўн бешдан ортиқ қонуни, жумладан, янги таҳрирдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди.

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципи ҳам қонуний мустаҳкамланди. Энди қонунчиликда бартараф этиб бўлмайдиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектлари фойдасига ҳал қилинади. Бундан ташқари, сўнгги 4 йилда 167 рухсат бериш тартиб-таомили, лицензия бериладиган 19 турдаги фаолият, шунингдек, 65 турдаги статистика ва 6 турдаги солиқ ҳисоботи бекор қилинди, рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш учун йиғимлар ҳажми 2 баробар камайтирилди.

Бунинг самарасида ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиз ўрнига бугунги кунда 56 фоизга етди. Айни пайтда банд бўлган аҳолининг 77 фоиздан ортиғи ушбу соҳада меҳнат қилаётир. Кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ўрта мулкдорлар синфи шакллантирилиб, улар миллий иқтисодиётимизнинг ривожига катта ҳисса қўшмоқда, минглаб янги иш ўринлари ташкил этишга кўмаклашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Конференцияда Ўзбекистон Республкаси Бош прокурори И.Абдуллаев, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев ва бошқалар хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини изчил ошириш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратишга қаратилган ушбу фармоннинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармонида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача оширишга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

Бундан ташқари, ҳужжатда хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш кўзда тутилган. Фармонда тадбиркорлик субъектларининг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитини янада яхшилашга алоҳида урғу берилган.

Анжуманда ушбу барча чора-тадбирлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунида ўз ифодасини топгани қайд этилди. Қонунга биноан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларига дахл қиладиган 40 дан ортиқ қонун ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Анжуман доирасида бўлиб ўтган секция мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармони билан тасдиқланган Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастурининг асосий йўналишлари, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.

Хусусий сектор вакилларига қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, агар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида кўзда тутилган жиноятни биринчи марта содир этиб, жиноят аниқлангандан сўнг 30 кун давомида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаб, пеня ва бошқа молиявий жарима турларини тўлаган бўлса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаслиги ва шахс жавобгарликдан озод этилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилаётгани ҳақида маълум қилинди.

Шунингдек, Жиноят кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартишлар моҳияти ҳам тушунтирилди. Энди хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларига нисбатан улар томонидан сохта банкротлик ва банкротликни яшириш орқали етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганда озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазо қўлланилмайди. Савдо-сотиқ қоидалари, савдо ва воситачилик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказилгани ҳамда катта миқдорда зарар етказилишига олиб келган ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно эканига алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокама чоғида иштирокчилар хусусий тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишда суд органларининг ролини кучайтириш масаласига батафсил тўхталди. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари солиқ ва божхона қонунчилигини бузганлиги муносабати билан уларнинг мулкини мусодара қилиш, тўловчи томонидан эътироз бўлганда, қўшимча ҳисобланган божхона тўловларини ундириш фақат суд қарори билан амалга оширилиши мумкин. Бундан ташқари, хўжалик судларига назорат қилувчи органнинг шикоят қилинаётган ҳаракати (қарори) ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилгани, хўжалик судлари томонидан даъво аризасини кўриб чиқиш учун қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунгача қисқартирилгани таъкидланди.

Мажлислар доирасида назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва улар фаолиятига доир комплекс текширувлар тайинланишидан аввал ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича профилактика ишлари самарадорлигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир давомида янги нормаларни қонуности ҳужжатларига, давлат, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари амалиётига жорий этишни жадаллаштириш, назорат қилувчи органлар фаолиятини ўзгартириш ва профилактика ишларига алоҳида эътибор қаратиш, бизнес субъектларининг ҳуқуқий маданиятини оширишга доир вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини тинглашни йўлга қўйиш орқали мазкур қонун нормаларининг ҳаётга татбиқ этилиши устидан парламент назорати ва мониторингини амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Ҳар бир ҳудудда янги қонун ҳужжатларининг роли ва аҳамиятини аҳоли, биринчи навбатда, тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, суд ва назорат қилувчи органлар вакиллари билан учрашувлар ташкил этиш, хусусий сектор соҳасидаги муаммоли масалаларни доимий равишда ўрганиш бўйича семинарлар ўтказиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Конференция-семинарда мутахассислар тадбиркорларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Анжуман якуни бўйича ҳужжат қабул қилинди.

SHARE