Тошкентда Тожикистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.

Anhor.uz сайти хабар беришича, тадбирда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, бошқа давлатлар дипломатлари, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Хабарда айтилишича, мустақиллик Тожикистон тарихида янги саҳифани очгани, қисқа давр ичида Тожикистонда демократик жамият пойдевори қўйилгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ва Тожикистон қўшни ва қардош давлатлар сифатида кўп жиҳатдан ўзаро боғлиқдир. Шу боис икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Умумий тарих, умумий маданият, қадрият ва анъаналар, икки давлат тақдирининг узвий боғлиқлиги истиқболда ҳам ўзаро ҳамкорликнинг асосини ташкил этиши алоҳида таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов Тожикистонлик ҳамкасбини байрам билан қутлаб, Ўзбекистон — Тожикистоннинг яқин қўшничилик ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлари бундан кейин ҳам изчил ривожланиши ва дўст халқларимиз фаровонлиги йўлида янада чуқурлашишига, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.