Шу йилнинг 10 сентябрь куни Варшава шаҳрида Ўзбекистон ва Польша ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг 6-раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақида “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Польша делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Конрад Павлик бошчилик қилди. Учрашувда давлатлараро сермаҳсул ҳамкорлик ҳозирги кунда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда қарийб 50 та икки томонлама ҳужжатларни ўз ичига олган мустаҳкам шартнома-ҳуқуқий асосга ҳамда ҳамкорликнинг мавжуд қўшма механизмларига асосланганлиги таъкидланди.

Музокаралар давомида турли соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни, жумладан Ўзбекистон ва Польша ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни, бизнес-делегацияларнинг ўзаро ташрифларини ҳамда икки давлат инвеститисия салоҳиятларига бағишланган форум ва тақдимотлар ўтказишни янада қўллаб-қувватлашга иккит томон ҳам тайёр эканлиги билдирилди.

Маслаҳатлашувлар давомида Ўзбекистон-Польша кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунлари кўра, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Полша Республикаси Ҳукумати ўртасида дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисидаги Битимни имзолаш маросими ўтказилди.