Ҳар бир ашуласида, клипида, саҳнага чиқишида ўзбекона руҳ, миллий қиёфа уфуриб турадиган санъаткорларимиз унча кўп эмас. Улар орасида Маҳмуд Намозов айниқса, ўзининг мусиқий диди, ижро маҳорати билан яққол ажралиб туради. Саҳнага чиққанидан бери миллийликка суғорилган қўшиқлари, фольклор оҳанглари, дардчил хонишлари билан халқимиз олқишига сазовор бўлмоқда. У билан суҳбатимиз ана шу бахт — халқ эътиборининг сири, элнинг назари, ижодининг яширин қирралари ҳақида бўлди.

— Ҳар қандай истеъдод булоғи ўз-ўзича кўз очиб қолмайди. Шу маънода муваффақиятларингиз замирида нималарни кўрасиз?

— Айримлар билиб-билмай шу кунларга етганим учун ота-онамдан миннатдорман, дейди. Буни мен билиб, англаб айтаман. Нима учун? Чунки улар мени ҳар доим қўллаб-қувватлашган.

Қишлоғимизда ансамбль бўларди. Қирқдан зиёд одам ишларди. Ёзги таътилда уч ой шу ансамблга қатнардим. Ҳар куни 10-15 болани уйга олиб кетардим. Уч ойда тушлигимиз оилам гарданида эди. Бирон марта «ҳали сен артист бўласанми-йўқми, шунча одамни боқиш бизга нима зарил?», дейишмаган. Отам-онам доим қучоқ очиб кутиб олишарди. Эсимда, онам ҳар куни бир тандир нон ёпарди. Ҳозир шу дўстларим ўша кунларни миннатдор бўлиб эслашади. Бундан ташқари, ансамбль билан йигирма кунлаб гастролларга кетардим. Қарангки, ота-онам ҳали ёшсан, деб йўлимни тўсмаган. Доим менга ишонишган.

— Ижод, сизнинг-ча, асосан нимага боғлиқ? Истеъдодгами ё шароитга?

— Меҳнатга. Бир фоиз истеъдод, 99 фоиз меҳнат. Буни ўзимдан келиб чиқиб айтяпман.

— Санъаткорлик қонингизда борми?

— Оиламизда ҳамма санъатга қизиқади, аммо ота-бобомда санъаткор ўтмаган.

— Сиздан кейингилар-чи?

— Болаларимни санъатга яқинлаштирмадим.

— Нега?

— Чунки санъатда ўртамиёналик кетмайди. Бундан ташқари, санъатнинг юки оғир. Ҳар соҳанинг ўз устаси бармоқ билан санарли. Болаларим санъат йўлини танламоқчи ҳам бўлишди. Аммо истамадим, бошқа соҳаларга йўналтирдим. Чунки ўртамиёна бўлиб ҳуштак эшитгандан кўра, бошқа соҳада ўз ишининг устаси бўлиб, олқиш олган маъқул.

— Демак, ҳаётини санъатга бағишлашига кўзингиз етмади?

— Йўқ, гап бунда эмас. Танлаган соҳангизнинг чин эгаси бўлмасангиз, ишдан завқ ололмайсиз.

— Ансамбль, яъни жамоада шаклланган санъаткор билан санъатга якка кирган хонанданинг қандай боғлиқлик ва ўхшамаган томонлари  бўлади?

— Хонандага қаерда етишиб чиққанига ва ижрочилик маҳоратига қараб баҳо берилади. Айримлар олий ўқув юртида маҳоратини ошириб, кейин санъатга киради. Мен ансамблда шаклланганман. Бунинг яхши томони — жамоадошларинг ва мухлис билан муносабатни ўрганасан, тажрибанг ошади. Бу борада, албатта, академик таълим олиш зарур. Аслида санъаткор бўламан деган бу босқичларни ўташи лозим.

— Демак, бу борада сиз анча омадли санъаткорсиз…

— Шундай, шекилли (кулади).

— Шундай экан, нега ўзингиз «Сурхон» гуруҳини тарқатиб юбордингиз? Ахир бу гуруҳ ҳам ансамбль ўрнида эди-ку?

— Келинг, шу ҳақда гаплашмай қўяқолайлик.

— Ҳа, майли. Ансамблда фаолият юритиш ёки яккахон хонанда — қай бири яхшироқ? Сиз учун қулайроғи қайси?

— Ансамбль яхши, аммо яккахонликда имконият каттароқ. Дейлик, ансамблда ғижжакчи бор. Янги қўшиқ айтмоқчисиз, бир жойида ғижжак ҳам иштирок этиши керак. Ансамбль ­аъзоларининг кўнглига қарайман деб, дуппа-дуруст қўшиқ расво бўлади. Яккахонликда эса бундай эмас. Ҳозир истасам, фольклор айтишим мумкин, истасам классика ё замонавий эстрада — ҳеч қандай монелик йўқ. Шуниси маъқул менга.

— «Саратонда соябонинг бўлайин» қўшиғингизни икки хил вариантда куйладингиз. Иккинчиси машҳурроқ бўлди-ёв…

— Қўшиқнинг биринчи варианти 1994 йилда яралган. Ўша пайтда ҳам бу қўшиқни мухлислар ёмон кутиб олмаган. Аммо рекламаси камроқ бўлганми ёки ҳазинроқ бўлгани учунми, ҳар ҳолда шу қўшиқни қайта ишладик. Кейингиси анча замонавийлаштирилди. Бугуннинг руҳи бўлгани учун яна мухлислар кўнглига кириб борди.

— Ёш кўринасиз. Бунинг сири нимада?

— Бевақт қаришга одамнинг ўзи сабабчи. Руҳи баланд, ғайратли одамларни  кўрсам, ҳавасим келади. Энг қўрқинчлиси — лоқайдлик. Лоқайд одам тез қарийди, бошқаларни ҳам заҳарлайди. Одам ҳаётни, ишини, одамларни ва ўзини яхши кўрса, қадрласа, ёш бўлиб юраверади.

38 ёшлар эдим-ов. Радиода ашула ёзаётгандик. Аваз Олимов: «Неччига кир­дингиз?», деб сўраган. Ёшимни эшитиб, бошини чайқади. Бунда «қарибсиз-ку», деган маъно бор эди. Агар ўша пайтда «энди қаридим», деб ҳаммасини йиғиштириб қўйсам, ҳозир қўшиқ айтмаётган бўлардим. Назаримда, инсон ўзини руҳан қаришдан асраши керак.

— Деярли ҳамма қўшиғингиз фольклор асосига қурилган. Бунинг сабаби нима?

— Бу миллат ва ғурур билан боғлиқ. Ҳаётда ҳам, табиатда ҳам хилма-хил ранглар кўп. Фольклоримиз ҳам дунё маънавиятининг барча ирмоқларидан озиқланган, маданиятлар қаймоғини ўзида жамлаган.

Яқинда ёнимга бир киши келди. Узоқ йиллар рус ўрмонларида ишлаган экан. «Кимсасиз ўрмонда бир ўзим қолиб кетганимда қўшиқларингизни қайта-қайта тинглаганман. «Қўл оғриғи босилса, дил оғриғи бошланар, олис хотиралардан аста кўнгил ғашланар», деган сўзларни эшитсам, йиғлагим келарди», деди. Қаранг, юртдан бегона жойда Ватаннинг қадрига етиш шу-да ахир. Уни ёнимга етаклаб келган нарса — оддий бир қўшиқнинг сўзлари. Бу фольклордан олинмаган, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла­ Ориповнинг шеъри эди.

— Ҳақиқатдан ҳам қўшиқ сўзларига катта эътибор қаратасиз. Сўз танлашда кимдир ёрдам берадими?

— Ўзим танлайман. Чунки болалигимдан китоб билан ошноман. Достонлар, эртаклар, шеърларни кўп ўқиганман. Ҳозир ҳам шу. Аслида қўшиқчи истаса-истамаса, шоирлар билан ҳамнафас яшаши керак.

Биласиз, бугун кўп хонандалар осмонга қарайдиган бўлиб қолган. Чунки уч-тўрт одам танийди, пули бор. Шоирлар эса камсуқум одамлар, аммо маънавияти, ғурури юксак.

Асл шоир ҳеч қачон қўшиқчининг ёнига шеър кўтариб келмайди.

Қўшиқчи шоир билан дўст бўлса, ижоди юксалади. Шоирнинг сўзисиз қўшиқчи ҳеч ким эмас. Ўзим шоирлар билан доим яқин бўлишга интилдим. Янги китоби чиқса, дарров совға қилишади. Руҳиятингизга хос оҳангни топганингизда, сўзга эҳтиёж пайдо бўлганда, шулар ёрдамга келади. Масалан, Тошкент ҳақида қўшиқнинг оҳанги туғилди, аммо сўзини тополмадим. Шеърлар кўп, бироқ мен Тошкентнинг баланд бинолари, йўллари ё ­хиёбонларини эмас, менга берган меҳрини куйлагим келганди. Шунда шоир Ғайрат Мажиднинг шеъри қўлимга тушди. Бу ичимдаги туйғуларим эди.

— Кейинги пайтларда «қўшиқчи шоир», деган ибора ҳам пайдо бўлди. Сиз бунга қандай қарайсиз?

— Масалан, мен Аҳад Қаюм деган боланинг биттаям шеърини айтмаганман. Бинобарин, менда барча китоби бор. Шеърлари, шунчаки менинг оҳангимга, туйғуларимга тўғри келмайди. Усмон Азимнинг эса йигирмадан ортиқ шеърини қўшиқ қилганман. Бундан Усмон Азим қўшиқчи шоир деган хулоса чиқмайди-ку! (кулади).

Аммо Усмон ака «бу шеъримни қўшиқ қил», деб олдимга келмаган, ўзим шу шеърлар шайдосиман. Мана, бир эшитинг-а:

Ўзгани севсанг севгил, мен ҳам сенга зормасман,

Кел ёнимга, келақол деб, чорласанг ҳам бормасман.

Ўзи сени нега севдим, бунча бўлмасам ожиз,

Гўзалмассан, сен шунчаки найранг-макри кўпроқ қиз.

— Клипларингиздаги либосларни ўзингиз танлайсизми?

— Дизайнерларимиз бор, аммо ўзим ҳам бунга катта эътибор қаратаман. Қўшиқ айтишимда, оҳангда, йўналишда ўзига хос услубим бўлгани ҳолда, кийимни ҳам шунга мослайман. Ўз тасаввуримни дизайнерларга тушунтириб бераман, улар эса тайёрлашади. Клипларимизда ҳам каштачилик, попоп, адрас, атлас, сўзана янгича талқинда халққа қайтди.

— Янги қўшиқлар яралиши нимага боғлиқ?

— Қўшиқ эҳтиёждан келиб яралади. Гоҳида битта қўшиқ ёзилиши учун йиллаб кутасиз, бир хиллари бир зумда туғилади. Қачон келаркин, деб илҳомни кутиш ярамайди, албатта. Чунки асл ижодкор илҳомни жиловлай олади.

— Саҳнадан қўрқасизми?

— Жуда. Ҳар сафар тиззаларим қалтирайди. Ҳаяжонланаман-да. Нима бўларкин, деган қўрқув бўлади. Шу қўрқув бўлгани яхши, бўлмаса ижод шу ернинг ўзида тўхтайди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак.

— Халқимиз муста­қил­лигимизнинг 24 йиллигини кенг нишонламоқда. Шу ўтган салкам чорак аср тақдирингизда қандай ўзгаришлар ясади?

— Ўйлайман: агар мустақиллик бўлмаганида, миллий қадриятларимиз тикланиб, кенг давраларга кириб бормаганида, мен ҳам бир чеккада, дейлик, ўша қишлоғим атрофларида, дала-даштда ашула айтиб юраверган бўлардим. Чунки истиқлол наинки ўз эркимизни, балки шахс сифатида, миллат сифатида ўз қиёфамизни ҳам ўзимизга қайтариб берди.

Мустақиллигимизнинг илк кунларида ёш эстрада хонандалари ўртасида ўтказилган кўрик-танловда совриндор бўлгандим. Ўшандан ҳаётимда катта ўзгаришлар бошланган. Президентимиз камтарона хизматларимизни юксак баҳолаб, 2000 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 2008 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонларига лойиқ кўрдилар. Мана, ўн беш йилки, ҳар йили «Наврўз» сайилларида, Мустақиллик байрамларида катта саҳнадаман. Қолаверса, азим Самарқандда бўлиб ўтаётган «Шарқ тароналари» фестивалида ҳам мунтазам иштирок этяпман. Ҳар доим элнинг ҳузурида бўлишимнинг бари шу мустақиллик туфайли-ку, ахир.

Гўзалой МАТЁҚУБОВА суҳбатлашди.

(“Оила даврасида” газетасидан олинди)

SHARE