Religion.uz

Маккада юз берган бахсиз ҳодисада ўзбекистонлик ҳожилар талафот кўришмади. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси хабар тарқатди.

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни соат 16.00 дан сўнг Макка шаҳрида кучли бўрон бошланди. Табиий офат оқибатида “Ҳарам” масжидининг кенгайтириш ишлари кетаётган жанубий қисмида жойлашган кранлардан бири масжиднинг «Каъбатуллох» атрофида “тавоф” амали бажариладиган майдонининг жанубий қисмига қулаб тушди.

Саудия Арабистони Фуқаро мудофааси томонидан берилган расмий маълумотларга кўра бахтсиз ҳодиса натижасида 107 та одам халок бўлган, 238 нафари тан жароҳатлари олган.

Макка шаҳри мутасадди ташкилотлари томонидан қутқарув ишлари ташкил этилди. “Ҳарам” масжиди ва унинг ён-атрофидаги кўчалар бир соат давомида ёпилди.

Ишчи гуруҳ томонидан ўзбекистонлик ҳожиларни ташувчи автобусларнинг ҳаракати тўхтатилди. Шаҳарда табиий офат оқибатларини тугатиш ишлари охирига етгунга қадар зиёратчиларнинг меҳмонхонадан чиқишлари чекланди. Бўрон бошланган вақтда меҳмонхонадан ташқарида бўлган ҳожиларни қайтариш чоралари кўрилди.

11 сентябрь ҳолатига кўра Макка шаҳрида бўлган 2683 та ўзбекистонлик зиёратчи мавжуд. Зиёратчиларнинг асосий қисми табиий офат вақтида меҳмонхонада бўлган.

Ҳарамда бўлган зиёратчиларимиз соғ-саломат меҳмонхонага етиб келганлар. Ўзбекистонлик ҳожилар орасида талофат кўрганлар йўқ.

Соат 24.00 да ҳожиларни “Ҳарам”га ташувчи автобусларнинг ҳаракати қайта йўлга қўйилди.

Ҳозирда ҳожиларимиз ибодатларини давом эттирмоқдалар.

SHARE