Жорий йилнинг 2 сентябрь куни эрталаб соат 8:50 да “Navoiyazot” АЖнинг 1-цехида фавқулодда ҳолат содир бўлди. Бунинг натижасида 11 киши енгил тан жароҳати олди. Бу ҳақида Навоий вилояти ҳокимлигининг “Дўстлик байроғи” газетаси 11 сентябрь куни хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, бу ҳолатдан жабрланганлар корхона ҳудудидаги шифохонага етказилиб, керакли тиббий ёрдам кўрсатилди. Жароҳатланганларнинг 7 нафари шифохонада ётиб даволанишни рад этишди, 1 нафарига эса кейинги кун жавоб берилди.

Корхона маъмурияти ва барча ходимларининг тезкор ва уюшқоқлик билан олиб борган ҳаракатлари натижасида ҳодиса оқибатлари бартараф этилиб, цехнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари аввалги даражага кўтарилди.

Айрим шубҳали электрон оммавий ахборот воситаларининг ушбу ҳолат юзасидан ёритган хабарлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Уларнинг саҳифаларида кимё заводи раҳбарияти жабрланганлар ва “қурбон бўлган”лар ҳақидаги маълумотлар ҳамда воқеа сабабларини сир тутишаяпти, деган бўҳтон гаплар урчиб кетди. Интернетда берилаётган маълумотлар атайин “шов-шув” кўтариш учун ўйлаб топилган, бўрттирилган. Ушбу хатти-ҳаракатлар сайтларнинг оммабоплигини ошириш мақсадида, гўёки йирик кимё ишлаб чиқариш корхонасида юз берган “портлаш” атрофида “пашшадан фил ясаш”дан ўзга нарса эмасдир.

Ҳақиқатда эса бўлиб ўтган воқеани текшириш учун махсус комиссия тузилиб, ҳозирда воқеа сабабларини ўрганиш устида иш олиб борилмоқда.

SHARE