Bloomberg: Россия Башар Ассаднинг ҳокимиятдан четлатилиши борасида АҚШ ва Саудия билан махфий музокара олиб бормоқда

Россия АҚШ ва Саудия Арабистонига Башар Ассаднинг ҳокимиятдан кетиши розилигига ишора қилмоқда, деб ёзади Американинг The Bloomberg нашри. Материалда айтилишича, ушбу музокаралар “Ислом давлати” террористик ташкилотига қарши курашиш учун ягона фронтни шакллантириш ва Россиянинг минтақада таъсирини сақлаб қолишга ёрдам беради.

Материалда айтилишича, уч мамлакат расмийлари, шу жумладан, Сурия мухолифати жорий йилнинг июнь ойидан бери Ассаднинг ҳокимиядан кетиши юзасидан музокара олиб бормоқда. Хусусан, Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммаднинг Россияга ташрифи чоғида ушбу масалаларда сўз юритилган. Манбанинг ёзишича, Суриядаги фуқаролар уруши минтақада гуманитар инқирозни келтириб чиқарди. Россия ва АҚШ ҳокимиятнинг янги кучларга ўтиши режаси устида музокара олиб бормоқда. Россия тарафига кўра, ўтиш даврида Башар Ассад ваколатлари сақланиб қолади.

Маълумтларга кўра, бугунги кунда Сурия ҳудудининг ярми “Ислом давлати” террористик ташкилоти, бир қисми АҚШ, Саудия Арабистони, Туркия ва Қатар томонидан қўллаб-қувватланаётган мухолифат қўлида бўлса, мамлакатнинг бешдан бир қисми ҳукумат назорати остида. Таҳлилчиларнинг фикрича, Россиянинг бу йўлдан юришига “Ислом давлати”ни жиддий таҳдид сифатида кўриши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Аммо бир қатор кузатувчилар Россия раҳбарининг саъй-ҳаракатлари самимий эканлигига кўп ҳам ишонишмаяпти.