Жорий йилнинг 18-20 сентябрь кунлари Тошкентдаги Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортида Дэвис Кубоги доирасида Ўзбекистон ва АҚШ терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтади.

Ўзбекистон миллий қўмитаси матбуот хизмати хабар беришича, мазкур учрашув Ўзбекистон терма жамоаси учун жамоавий баҳслардаги жаҳон чемпионатининг олий лигасига чиқиш учун саккизинчи уриниш бўлади. Бунга қадар Ўзбекистон ракетка усталари юқори лигага йўлланма олиш учун икки марта австралияликлар билан (1998, 2014), шунингдек, бир мартадан Чехия (1999), Голландия (2000), Сербия (2009), Испания (2001) ва Қозоғистон (2012) терма жамоаларига қарши кураш олиб боришган. Таъкидлаш жоизки, шу давр мобайнида терма жамоа Осиё Океания минтақасининг биринчи гуруҳида турнир жадвалини мунтазам равишда бошқариб келганлар.

Жамоа сардори Пётр Лебед бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси таркибида ўзгаришлар кузатилмади. Таркибдан Денис Истомин, Фаррух Дўстов, Темур Исмоилов ва Санжар Файзиев ўрин эгаллашган.

АҚШ терма жамоаси Дэвис кубогининг жаҳон лигаси биринчи босқичида Буюк Британия терма жамоасига имкониятни бой берган. Жамоа сардори, афсонавий теннисчи Жим Курье жамоа таркибида айрим ўзгаришларни амалга оширди. Жумладан, Жон Изнер ўрнига биринчи ракетка сифатида Жэк Сок қатнашади. Дунё теннис таснифида яккаликда 28-ўринда бораётган Жэк Сок жуфтлик баҳсларида ҳам кортга чиқади. Шунингдек, АҚШ терма жамоаси таркибидан Сэм Куэрри (дунё рейтинг жадвали 38-ўрин) Стив Жонсон (47-ўрин) ва Дональд Янг (68-ўрин) жой олишган. Энг кутилмаган ҳолат эса жуфтлик баҳсларида дунё рейтингини бошқариб турган ака-ука Майк ва Боб Брайнлар Тошкентдаги босқичда иштирок этишмайди.

17 сентябрь куни соат 11:00да эса қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Яккалик баҳслари соат 10:00да, жуфтликлар беллашуви эса 12:00дан бошланади.

SHARE