© ИТАР-ТАСС/Руслан Касумов

Жаҳон бокс ассоциацияси версияси бўйича ўта оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони Руслан Чагаев Россия фуқаролигини олишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақида у ТАСС ахборот агентлигига маълум қилди.

“Ҳозирги пайтда бундай ниятим йўқ. Мен Ўзбекистон фуқаросиман. Мен учун Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия, Украина — бу Совет Иттифоқи. Балки мен ўша авлод вакилидирман, аммо мен миллатни ажрата олмайман. Мен ўзимни қайсидир аниқ бир республиканинг фуқароси сифатида ҳис қилмайман. Кўплаб мамлакатларда менинг дўстларим бор. Мен Собиқ Иттифоқ одамиман. Мен ҳозир Россиядаман, бу ерга тез-тез келиб тураман. Ўзбекистон паспорти билан ҳеч қанақа муаммога дуч келганим йўқ”, деди Руслан Чагаев.

Руслан Чагаев ўз профессионал фаолиятида 34 марта ғалаба қозонган, икки марта мағлубиятга учраган, бир марта дурангга рози бўлган. У охирги марта италиялик Франческо Пьянетуни бешинчи раундда мағлуб этган эди. Унинг кейинги жанги шу йилнинг 17 октябрь куни Германияда бўлиб ўтади.