Ўзбекистон ва Эрон ўртасида товар айирбошлаш ҳозирги 250 миллион доллардан бир миллиард долларга етиши мумкин. Бунда янги янги транспорт коммуникацияларидан фойдаланган ҳолда Эрон нефтини Ўзбекистонга етказиб бериш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Эроннинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, бу ҳақида Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Али Мардоний Фард ва Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев ўртасида кечган суҳбат чоғида сўз борган. Учрашув чоғида савдо, транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди ва келгусидаги режалар кўриб чиқилди.

“Эрондан иқтисодий санкцияларнинг олиб ташланиши жараёни якунланиши ҳамда янги транспорт коридорларининг ривожланиши мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмасини 1 миллиард долларга етказиш имконини беради”, дейилади хабарда.

Эрон тарафининг маълумотларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 2014 йилда 250 миллион долларни ташкил қилган. Бундан аввалроқ, расмий Теҳрон Ўзбекистонга йилига бир миллион тонна нефть етказиб беришни таклиф қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Ўмон давлатлари ўртасида Марказий Осиё — Форс кўрфази транспорт коридорини барпо этишлари жадал олиб борилмоқда. Ушбу коридор Ўзбекистондан Эронгача темир йўл, Ўмон портларигача эса денгиз йўли орқали етиб боради.

SHARE