Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилга қадар пахта хомашёсини қайта ишлаш ҳажмини 1,4 миллион тоннага чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

Унда айтилишича, 2015-2020 йилларда “Ўзпахтасаноат” уюшмасининг элликта пахта заводида реконструкция ишлари олиб борилади. Бу пахта хомашёсини қайта ишлаш ҳажмининг 1,4 миллион тоннагача ортишига хизмат қилади. Жорий йилда тасдиқланган инвестиция дастури доирасида Манғит, Музработ, Боғот пахта тозалаш заводларидаги эскирган технологиялар замонавийларига алмаштирилади.

Шуни айтиш керакки, пахта хомашёсини дастлабки ишловга тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш самарадорлигини оширишда “Ўзпахтасаноат” уюшмаси тизимидаги корхоналар муҳим ўрин тутади. Айни пайтда тармоқда 13 ҳудудий «Пахтасаноат» акциядорлик бирлашмаси, юзга яқин пахта тозалаш заводи, “Пахтасаноат” илмий маркази ҳамда 34 махсус уруғлик чигит тайёрлаш цехи фаолият юритмоқда. Андижон, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ўнтадан, Бухоро вилоятида тўққизта, Тошкент, Хоразм ва Наманган вилоятларидаги саккизтадан завод шулар сирасидандир.

Шуни айтиш керакки, пахта толасини мамлакатнинг ўзида қайта ишлаш 1990-йилларда жами пахта толасининг бор-йўғи 7 фоизини ташкил қилар эди, 2014 йил охирига келиб бу кўрсаткич 40 фоиздан ошди. Экспертлар фикрича, 2016 йилда пахта толасини мамлакатда қайта ишлаш 60 фоизга етиши керак.

Ҳар йили мамлакатдаги пахта тозалаш заводлари 3,4 миллион тонна пахта хом ашёсини тайёрлаб, қарийб 1,1 миллион тонна пахта толасини ишлаб чиқаришади, 1,6 миллион тоннадан ортиқ уруғ ва бошқа маҳсулотларни етиштириб беради. Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дунёда олтинчи, уни экспорт қилиш бўйича учинчи ўринда туради.

SHARE