Western Union пул ўтказиш операторлари Россиядан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга юбориладиган пул ўтказмалари учун тўлов комиссиялари миқдорини икки бараварга арзонлаштиради. Бу ҳақида “Коммерсантъ” газетаси операторнинг ўз ҳамкорларига юборган хатига таянган ҳолда ёзмоқда.

Шу йилнинг 17 сентябридан ушбу мамлакатларга пул ўтказиш нархи юборилаётган пул маблағининг 1 фоизи миқдорида бўлади. Амалдаги таърифларга кўра, пул ўтказмалари учун тўлов комиссияси ҳозирги кунда бир фоиздан икки фоизгача ёки юборилаётган маблағнинг миқдорига қараб 100 рублни ташкил қилаётган эди.

Операторнинг қайд этишича, бу “маркетинг акцияси” ҳисобланади. Шуни айтиш керакки, Western Union маҳаллий пул ўтказиш операторларидан кўра икки баравар комиссия тўловларига эга эди.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Россиядан юборилаётган пул ўтказмаларининг асосий қисмини қабул қилиб олади. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида жами пул ўтказмаларининг 59 фоизи айнан ушбу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келган.