Халқаро валюта жамғармаси Ижроия кенгаши Ўзбекистон Республикаси билан маслаҳатлашувлар ўтказди. Бу ҳақида жамғарма пресс-релизида маълум қилинган.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон иқтисодиёти қийин ташқи иқтисодий вазиятда ҳам ўзининг барқарорлигини сақлаб турибди. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2014 йилда 8,1 фоизга, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 7,5 фоизга ўсди. Давлат томонидан фаол инвестиция сиёсати оли борилаётгани минтақадаги бошқа мамлакатлар дуч келаётган муаммоларни четлаб ўтишга ёрдам бермоқда. 2015 йил апрель ойининг охирги ҳолатига кўра инфляция 9 фоизга етмади.

Аммо ташқи бозордаги оғир вазият мамлакатнинг ташқи иқтисодий фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мамлакат газ, машинасозлик саноати экспортида салбий тенденция кузатилмоқда. Россиядан юборилаётган пул ўтказмалари ҳажми 2014 йилда 14 фоизга, 2015 йил биринчи чорагида эса 45 фоизга камайди.

2014 йилда давлат бюджети ижроси профицит билан бажарилган (Ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,3 фоиз миқдорида). Бунда акциз тушумлари ва жорий харажатларнинг мақбуллаштирилгани муҳим роль ўйнаган.

ХВЖ ижрочи директорлари Ўзбекистоннинг юқори иқтисодий ўсиш суръатларини олқишлаган ҳолда ҳукумат ва тегишли макроиқтисодий сиёсатни диққат-эътиборли бўлишга чақирган. Иқтисодиётни жадал диверсификация қилиш бўйича ишларни қатъий давом эттириш лозим.

Ўз навбатида, ХВЖ директорлари расмий идоралардан босқичма-босқич валюта тизимини либераллаштириш ва валюта чекловларини бартараф этиш муҳимлигини сўрашган.