Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи кенг муҳокама этилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фикрича, дори воситалари рекламасини, шу жумладан, босма оммавий ахборот воситаларида, телевидение ва радиода Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсатисиз жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги керак.

Қонунийлик, аниқлик, ишончлилик ҳамда истеъмолчига зарар ёки маънавий зиён етказмайдиган шакл ва воситаларни қўллаш дори воситалари рекламасига қўйиладиган асосий талаблардан бири бўлиши зарур.

Партиянинг фикрича, рецепт билан бериладиган дори воситаларининг рекламаси фақат дори воситаларини тайинлаш ва тарқатиш ҳуқуқига эга бўлган мутахассислар орасида амалга оширилишига йўл қўйилиши лозим.

— Биламизки, тиббиётда шундай дори воситалари борки, уларни шифокор рецептисиз ҳам қабул қилиш мумкин, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Мамаджанов. — Хўш, бундай дори воситаларининг рекламасида нималарга аҳамият бериш зарур? Фракциямиз аъзоларининг фикрича, бундай рекламалар тушунарли тилда баён қилиниши ва дори воситасининг тўлиқ номи, ишлаб чиқарувчининг номи, қўллаш учун асосий кўрсатмаларга эга бўлиши лозим. Шунингдек, уларни қўллаш ва ишлатишга тақиқнинг мавжудлиги, қўллашга доир йўриқнома билан танишиш ёки мутахассисларнинг маслаҳатини олиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириш билан олиб борилиши керак. Дори воситалари барча рекламасининг камида 10 фоизи ҳамда телевидениеда реклама ролиги бошланиши ёки охирида эфир вақтининг камида 5 сонияси ушбу огоҳлантиришга ажратилиши, радиода эса дори воситаси рекламасининг бошланиши ёки охирида керакли хабар берилиши лозим.