Техаснинг Ирвинг шаҳридаги Макартур мактаби маъмурияти 14 яшар Аҳмед Муҳаммад мактабга қўлбола электрон соат олиб келганидан сўнг полицияни чақирди. BBC хабар беришича, ўқитувчиларнинг фикрича, улар ўқувчи ясаган соат бомга ўхшаганлиги учун шундай иш тутишга мажбур бўлишган. Негаки, бу матоҳ бошқа ўқувчиларни қўрқитиб юбориши мумкин эди.

Хабарларда айтилишича, Аҳмед Муҳаммад соатнинг корпуси сифатида қаламдондан фойдаланади. У бу билан ўқитувчисига ўзининг электроникага қизиқишини ҳамда қўлбола мосламаларни ясай олишини кўрсатмоқчи бўлган. Соатни ясаш учун унга бор-йўғи 20 дақиқа кетган.

15 сентябрь куни у электрон соатини муҳандислик фани ўқитувчисига кўрсатади. Ўқитувчи қаламдон ичида соат дисплейини ҳамда симларни кўриб, қўлбола соат яхши ишланганини айтади. Шундай бўлса-да, уни ҳеч кимга кўрсатмасликни маслаҳат беради.

Бироқ инглиз тили дарси пайтида соатнинг сигнали ишлаб кетади. Шунда ўқитувчи Аҳмеддан мосламани кўрсатишни талаб қилади. Ўқитувчи мослама бомбага ўхшашини қайд этиб, уни ўзи билан олиб қўяди. Орадан кўп ўтмай мактабга полиция ходимлари келиб, Аҳмедни дарсдан олиб чиқишади ва сўроқ қилишади. Полиция ходимларининг фикрича, соат кинолардаги бомбага ўхшаб кўринган. Улар Аҳмеднинг қўлига кишан солиб, полиция участкасига олиб кетади. Болани уч кунга дарслардан озод қилишди.

Аҳмеднинг айтишича, ўқитувчи ва полиция ходимларининг бундай хулосага келишига унинг келиб чиқиши ва Ислом динига эътиқоди сабаб бўлган. Хабарларда айтилишича, унинг ота-онаси АҚШга Судандан кўчиб келган.

SHARE