Швециянинг TeliaSonera компанияси аста-секин МДҲ мамлакатларида фаолиятини тўхтатади ва асосий эътиборини Европа бозорига қаратади. Бу ҳақида пайшанба куни компания маълум қилди.

“Евроосиё минтақасидаги фаолиятимизни қисқартириш ва маълум муддатдан сўнг бутунлай тарк этиш мақсадида ушбу жараёнга қўл урилмоқда”, дейилади хабарда.

Евроосиё минтақасида TeliaSonera Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбойжон, Молдовия, Грузия, шунингдек, Непалда фаолият юритади.

TeliaSonera раҳбари Йохан Деннелинднинг айтишича, сўнгги икки йил давомида “Евроосиё” минтақасидаги компанияларнинг корпоратив ва этика стандартларини яхшилаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида уларда бошқарув даражаси бирмунча ўсди ва “бошқалар уларни муваффақиятли давом эттиришлари мумкин”.

“Биз бозордан чиқиш мураккаб ишлиги ва муайян вақт талаб қилишини тушунамиз. Биз ушбу жараённи бозордан бозорга тамойили асосида амалга оширамиз. Чунки ҳар бир компанияда, ҳар бир бозорда ўзига хос ҳолат. Шундай бўлса-да, пировардида минтақани бутунлай тарк этамиз”, деди у.

Coscom 2007 йилда TeliaSonera таркибига қўшилган бўлиб, у компаниянинг 94 фоиз акциясига эгалик қилади. Ўзбекистонлик миноритар акциядорлар эса 6 фоиз акцияларга эгалик қилишади.

Ucell’нинг абонент базаси 2014 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 8,463 миллион фойдаланувчини ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, Швеция — Финляндиянинг TeliaSonera компанияси 2014 йилда ўзининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси — Coscom МЧЖ ҚКдаги улушини сотиши ҳақида хабарлар тарқаган. Бунга олинаётган даромадларни конвертация қилиш билан боғлиқ муаммолар борлиги сабаб бўлаётгани қайд этилган эди.

SHARE