Gaeta.uz

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси мамлакатда бензин тақчиллигига оид вазият юзасидан баёнот берди.

“Сўнгги кунларда республикамизнинг айрим ҳудудларидаги, шу жумладан Тошкент шаҳридаги баъзи АЁҚШларда автобензинга бўлган навбат кўпайиб, аҳолига муайян даражада ноқулайлик туғдирмоқда ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Таҳлилларимизга кўра бундай ҳолатга айрим шов-шув ишқибозларининг “Ёнилғи ишлаб чиқариш камайиб кетганлиги сабабли, автобензин тақчиллиги юзага келиб, унинг нархи ошар экан” – деган уйдирмаларига ишонган баъзи ҳамюртларимизнинг автобензинни мумкин қадар кўпроқ заҳира қилиб олишга ҳаракат қилаётганлиги ҳам сабаб бўлмоқда”, дейилади хабарда.

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси шуни ишонтириб таъкидлайдики, мамлакатимизда автобензин ва бошқа ЁММлар таъминоти бўйича муаммо йўқ, бўлмайди ҳам. Чунки, республикамизда жаҳон стандартларига жавоб берадиган барча ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари етарли миқдорда ишлаб чиқарилмоқда. Нефть хомашёси нафақат мамлакатимиз ички эҳтиёжини қондириш учун, балки муайян миқдордаги ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини экспорт қилиш учун ҳам етарли миқдорда қазиб чиқарилиб, қайта ишланмоқда.

Компаниянинг ёзишича, айни кунларда юзага келган мазкур муаммони зудлик билан ҳал этиш, камчиликларни бартараф этиш, аҳолини автобензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш юзасидан барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва вазият тез фурсатда ўнгланади.

Компания хавотирга берилмасликни ва ёнилғи нархининг ошиши ҳақидаги турли шов-шувларга ишонмасликни ҳамда хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига зид равишда хонадонингизда ёки мосланмаган бирон жойда автобензинни тўплаб, хонадонингиз, оила аъзоларингизни хавф-хатарга қўйманг, деб маълум қилган

SHARE