Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон ҳудудида электр энергияси истеъмоли учун автоматлаштирилган ҳисоблагичлар тизимини жорий қилиш учун 300 миллион доллар миқдорида қарз беради.

Банк матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, ушбу тизим тўлов тизими фаолиятини яхшилаш, электр энергияси сарфини тежаш, энергетика соҳаси молиявий барқарорлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Ушбу лойиҳа доирасида Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида электр энергияси истеъмолининг замонавий, турли ташқи хавфлардан ҳимояланган ҳисоблагичлар тизимини жорий қилиш молиялаштирилади.

Қайд этилишича, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти тизимдаги ортиқча электр сарфи ҳамда тўловларни йиғиб олиш даражаси пастлиги сабабли жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу муаммоларга замонавий технологияларга инвестицияларнинг етарли эмаслиги сабаб бўлган.

Осиё тараққиёт банки ушбу дастурнинг биринчи босқичида 1 миллион истеъмолчига наф келтирган лойиҳани амалга оширди. Янги қарз доирасида эса 3,1 миллион дона автоматлаштирилган ҳисоблагичлар ўрнатилиши кўзда тутилмоқда. Натижада “Ўзбекэнерго” 6,3 миллион истеъмолчини замонавий ҳисоблагичлар билан қамраб олади.

Лойиҳа беш йилга мўлжалланган бўлиб, 2020 йилда якунланиши кутилмоқда.