Тошкентдаги Wyndham (собиқ Dedeman) меҳмонхонаси ёнидаги, UMS мобил алоқа оператори бош офиси рўпарасидаги кўп қаватли бинода — бизнес марказида катта ёнғин юз берди.

Аланга ичида қолган бино суратлари 18 сентябрь, Тошкент вақти билан 19:00 атрофида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган.

Kun.uz сайтининг ёзишича, содир бўлган ёнғин 1 соатга қолмасдан ўчирилган.

Айни пайтда воқеа жойида махсус хизматлар ходимлари бўлиб туришибди ва вазиятни назорат қилишмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ёнғин пайтида бино ичида қанча одам бўлгани ва бу ёнғин туфайли жабрланганлар борлиги ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ..

Бундан олдинроқ, ушбу ёнғинни ўчириш учун тўртта ёнғин ўчириш машиналари жалб қилингани ва воқеа жойига тез тиббий ёрдам машиналари чақирилгани ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ, ўт ўчирувчи машиналар сони ошган ва 10тага (5та сув пуркагичли шлангларга эга, 5та нарвонли) етказилган.

Ҳодиса сабаблари ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар берилмади.

SHARE