od-press.uz

Бу галги суҳбатдошимиз ўзининг содда, самимий роллари билан киномухлислар қалбидан жой олган Ўзбекистон халқ ­артис­ти­­ Ражаб ­АДАШЕВ бўлди. Актёр ижод йўлига назар солар экан, шу қаторда ҳеч кимга айтмаган дилидаги гап­ларни биз билан баҳам кўрди.

— Ражаб ака, ролларингизни кузатсак, деярли барчасида оддий, самимий, камтар одам қиёфасида гавдаланасиз. Ҳаётда ҳам шундай хокисормисиз?

— Шундай бўлсам керак. Чунки кўпчилик менга шу ҳақда гапиради. Гоҳида шу соддалигим панд беради, билганлар гоҳида бундан фойдаланишади ҳам.

— Худди кинодаги ролларингиз кабими?

— Ҳа, шундай. Чунки ролларимга ўзим қандай бўлсам, шуни кўчиришга, сингдиришга ҳаракат қиламан. Шу билан образим ишонарли чиқишига уринаман. Истаймизми-йўқми, ўйнаган ролига қараб ўша инсоннинг ҳаётда қандайлигини билиб олиш қийин эмас.

– Ролларингиз ўзингизга ёқадими?

— Ҳаммаси ҳам эмас. Баъзан эпизод ролларимга жуда аҳамият бермасдан ўйнайман. Экранга чиққач, ўкинаман. Кўп нарса режиссёрга боғлиқ. Чунки ролни қанчалик етказиб бера олиш режиссёрнинг талаби билан кучаяди.

— Кўпчилик актёр келишган ва овози ёқимли бўлиши керак, деб ўйлайди. Актёрликни ҳавас қила бошлаганингизда ўзингизнинг қандай истеъдодингизга ишонгансиз?

— То оёққа туриб олгунимча, яъни актёр сифатида шакллангунимга қадар  иккиланганман, ўзимга ишонқирамаганман. Орадан 15 йиллар ўтгач, актёрликни танлаб, хато қилмаганимни билдим. Ҳеч қайси актёр инс­титутни тугатибоқ шаклланиб қолмайди. Биринчи ролини ўйнагач, умуман ҳеч қайси кинодан таклиф тушмаслиги ҳам мумкин. Ёки аксинча, кетма-кет бош ролларда ўйнаши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Актёрликни бирон нарсага ишониб танламаганман. Фақат тақдиримга Яратганнинг ўзи шу касбни битиб қўйганини англаб етгунимга қадар йиллар ўтди. Ҳар бир ролни менга таклиф этишганида, тасвирга олиш майдончасига келгунимга қадар туни билан ухламасдим, «нима бўларкин, ўйнай олармиканман, ишқилиб, уялтириб қўймагин», деб тинмай ҳаракат қилардим. Балки шунинг учун поездимнинг йўли ҳар доим соз келаётгандир…

Актёрнинг овози чиройли бўлиши шарт эмас, ўзига хос бўлса бўлди. Кўриниш эса типаж, яъни ҳеч кимга ўхшамаган бўлиши шарт.

— Ролларингизга ўзингиз овоз берасизми?

— Кейинги пайтлардаги ўйнаган ролларимга деярли ўзим овоз бердим. «Ой бориб, омон қайт»,  «Абдуллажон» фильмларига Обид Юнусов овоз берган.

— Актёрликни танлагунингизча бошқа касбларга ҳам уннаб кўрганмисиз?

— 1964 йилда «Ўзбек­фильм»га ишга келгунимга қадар кўп жойларда ишлаганман. Мактабимиз хўжаликдан ер олиб, тамаки етиштирарди. Шу тамаки далаларида ишлаганман. Кейин бир йил қурилишда, сўнгра халқ театрида роллар ўйнадим. Ҳатто, афиша тайёрлаб, ёпиштириб чиқиш билан ҳам шуғулланганман. Рассомлик, мусиқага ҳам қўл урдим.

— Энг омадли ролингиз қайси?

— Жуда кўп. Илк бош ролим – «Ой бориб, омон қайт» фильмидаги жангчи йигит образи омадли чиққач, бошқа ролларга ҳам таклифлар туша бошлаган.

— Томошабинлар сизни «Абдуллажон»даги Бозорбой роли билан кўпроқ яхши кўришади…

— Бозорбой ролига кўп актёр киносиновдан ўтган. Тасвирга олиш бошланган куннинг эртасига мени чақириб қолишди. Ҳайрон бўлиб борсам, Зулфиқор Мусоқов «барибир ҳам Бозорбой ака ролини ўзингиз ўйнайдиган бўлдингиз», деди. Кейин эса кинооператор Талъат­ Юсупов билан иккаласи Бозорбой ака ким, асли қандай бўлиши керак – ҳаммасини бирма-бир эринмасдан тушунтиришди. Шундан сўнг сценарийни яхшилаб ўқиб чиқдим. Эртасига репетиция пайтида Бозорбой акани ўйнаб берганимда, режиссёримиз «э, ана мен истаган Бозорбой ака мана шу», деган.

— Ўша кинода пулни қандай кўпайтиргансизлар? Танга қандай ясалган?

— Ҳаммадан уч сўмдан йиғиб чиққанмиз. Ўттиз иккита уч сўмлик йиғилган. Бир қозон пул. Сўнг барчасини бирма-бир ўчоққа ёққанмиз. Тангани эса рассом ясаган. Режиссёр ҳар бир нарсага жуда катта эътибор берарди. Ҳатто ҳар бир дублдан олдин қошларимни ўзи пастга силаб, «қошлар юқорига қараган бўлмаслиги керак», деб қўярди.

— Кетмонингиз қандай учган?

— Бу мураккаб съёмка де­йилади. Ҳозиргидек замонавий техникалар йўқ пайтда, шундай муваффақиятли тасвирларни олганимиз сир бўлиб қолгани маъқулми, дейман. Чунки айрим содда ҳамюртларимиз кетмоннинг учишига қаттиқ ишонганда. Ҳозир бундай картина олмоқчи бўлсангиз, жуда осон. Компьютерда ясаб ташласа бўлади. Лекин бир нарсани аниқ айтишим мумкинки, ўша ролим билан ҳақиқатда менинг «кетмоним учган».

— Абдуллажон ролини ким ўйнаганлиги ҳалигача кўпчиликка қизиқ?

— Бу бола оператор Малик Қаюмовнинг невараси Шуҳрат эди. Шуҳрат русча гапирарди, мен ўзбекча. Шуҳратни иккита дубл қилишарди, чунки боланинг ҳаққи бор эди иккита дубль ўйнаб беришга. Кино қиммат плёнкага олингани учун биз фақат битта дубль ўйнашимиз мумкин эди. Шу боис қайта-қайта репетиция қилардик.

— Халқ артисти мақомига етишгансиз. Уруғингизда артист ўтганми?

— Отам Адаш ота масхарабозлар труппасида актёр бўлган. Тўрт-беш кишидан иборат труппа тузишиб, халқ орасида интермедиялар қўйиб юришган. Балки отам­нинг шу касби сабаб санъат йўлидан кетдим. Аммо қариндошларимиз «нима қиласан бу касбни танлаб» деб кўп гапиришарди. Онам эса «Ой бориб, омон қайт»даги ўлиш саҳнасини кўриб, «болам, шу азоб билан пул топадими?», деб ачинган экан.

— Давомчилар-чи, сизнинг ишингизни давом эттирадиганлар чиқдими? Маҳорат, истеъдод қондан-қонга ўтади, дейишади.

— Невараларим жуда истеъдодли. Аммо икки ўғлимнинг ҳам артист бўлишларини ўзим истамадим. Ҳозирда улар техник ходим бўлиб, телевидение­да ишлашяпти. Бугунги кўп «актёр»ларни кўриб, яхшиямки, тўғри қарор қабул қилган эканман, дейман.

— Суҳбатларингизда ҳеч қачон тўйларга чиқмаганман, оиламни киноларда рол ўйнаб боққанман, дегансиз. Фақат кинодаги ролингиз орқасидан оила тебратиш қийин эмасми?

— Тўғри, қийналганман. Аммо ўша кунларда сабр-тоқат қилдим. Иккинчи касбим ҳам бор эдики, шунинг ортидан кун кўрдик. Беш кишидан иборат гуруҳимиз бор эди. Киноларга табиатни, сувни, шамолни – шу каби товушларни ўхшатиб ёзардик. Бу «шовқин» дейилади. Роллардан бўш қолганимда шу иш билан шуғулланганман.

— Клипларда иштирок этиб турасиз. Бу нима – эҳтиёжданми ёки …

— Иккаласиям (кулади). Аввало бунинг иқтисодий томони бор, бошқа томондан бу клиплар кунига икки мартадан экранга чиқади. Бу – ҳар доим мухлис кўз ўнгидасиз, дегани.

— Бачканалик ва масхарабозликнинг ораси жуда қисқа дейишади. Сиз бу мезонни қандай ўлчайсиз?

— Агар режиссёр «бирон кулгили қилиқ қилиб ўйнанг», деса, аввало, ўйлайман. Сўнг режиссёр талаби ва томошабин назарини ҳисобга олиб, ўртасини топишга ҳаракат қиламан. Масалан, тақиқланган, томошабинга ёқадиган ё ёқмайдиган қилиқлар бор. Ёки биздан олдинги артистлар ўйнайвериб, сийқаси чиқиб кетган қилиқлар бор. Ана шуларни омухталаштириб, ўзига хос қилиб чиқаришга ҳаракат қиламан. Умуман, биз санъатга ҳали биронта янги нарса киритганимиз йўқ. Фақат ўша эскилар ўйнаб кетган имо-ишоралар, қилиқларнигина қайтарамиз, холос: Чарли Чап­лин, Фернандель ва ҳоказо. Улар ҳақиқатдан ҳам имо-ишорада, юморда янгилик киритишган. Бизда эса ҳали янгилик бўлгани йўқ. Ўзим ҳам шу қаторда. Аммо доим  бошқаларга ўхшамасликка ҳаракат қиламан.

Гўзалой МАТЁҚУБОВА суҳбатлашди

“Оила даврасида” газетасидан олинди.

SHARE