Хитой Ташқи ишлар вазири ўринбосари: Марказий Осиё хавфсизлиги бу – Хитой хавфсизлиги демакдир

Хитой Марказий Осиё давлатларининг миллий хавфсизлик ва ижтимоий барқарорликни муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга оид чора-тадбирларини изчил қўллаб-қувватлайди. Мазкур фикр Хитой Ташқи ишлар вазири ўринбосари Чэн Гопин томонидан Пекинда 18 сентябрь куни Марказий Осиё журналистлари билан учрашувда билдирилди.

Юқори мартабали дипломатга кўра, бугунги давр Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги тарихидаги энг ёрқин давр саналади. Негаки, Чин давлати ҳамда минтақа мамлакатлари ўртасидаги алоқалар турли соҳаларда ўзаро ҳурмат, манфаатдорлик, тенг ҳуқуқлилик ва бағрикенглик тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда.

Жаноб Гопин Чин юрти тараққиёти Марказий Осиёдаги вазиятга ҳам боғлиқ эканига урғу берди. “Марказий Осиё хавфсизлиги бу – Хитой хавфсизлиги демакдир” деди расмий Пекин вакили.

Хитой ташқи сиёсат маҳкамаси вакилининг таъкидлашича, давлатлар ўртасида кўп асрлар давомида дўстлик муносабати мавжуд бўлиб келган. Халқаро муносабатлар тиғизлашган бугунги даврда эса ўзаро дўстликнинг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ошган.

Қайд этилишича, Хитой минтақа давлатлари миллий ўзига хослигидан келиб чиқиб танлаган тараққиёт йўлини ҳурмат қилади ҳамда уларга ишончли ҳамкор бўла олади.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни олиб боришда томонларнинг экстремизм, сепаратизм, наркотрафик, ноқонуний қурол савдоси ва хавфсизликнинг бошқа таҳдидлари бўйича қарашларининг муштараклиги ва яқинлиги муҳим ўрин эгаллайди.

Икки давлат ўртасида 2011 йилда Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида битим, 2012 йилда Стратегик шериклик тўғрисида қўшма декларация ҳамда 2013 йилда Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланган.

Хитой Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида энг юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2014 йилда 4,7 миллиард АҚШ долларига етган. Жорий йилнинг биринчи ярмида эса 11,7 фоизга ўсган. Айни пайтда Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 540 та корхона фаолият юритмоқда.

Собир Камол

SHARE