Вашингтонда ўзбек киноси ҳафталиги бўлиб ўтади

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси ва Жорж Вашингтон номидаги университет ҳамкорлигида 22-28 сентябрь кунлари АҚШнинг Вашингтон шаҳрида ўзбек киноси ҳафталиги бўлиб ўтади. Бу ҳақида “Ўзбеккино” миллий агентлиги хабар тарқатди.

Киноҳафталик давомида ўзбек кинематографияси олтин фондидан ўрин олган «Тошкент – нон шаҳри» (режиссёр Шуҳрат Аббосов), шунингдек, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан турли йилларда суратга олинган «Дилхирож» (Юсуф Розиқов), «Паризод» (Аюб Шаҳобиддинов), «Осмондаги болалар» (Зулфиқор Мусоқов), «Ота» (Абдухалил Мигноров) фильмлари намойиш этилади.

Мазкур маданий тадбир доирасида «Ўзбеккино» масъуллари ҳамда Шуҳрат Аббосов ва Аюб Шаҳобиддинов каби ўзбекистонлик таниқли киноижодкорлардан иборат Ўзбекистон делегацияси АҚШда бўлади.

Ўзбек киноси ҳафталигида намойиш этиладиган барча фильмлар инглиз тилидаги субтитрлар билан ўзбек тилида томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

Намойишлар жадвали билан қуйида танишишингиз мумкин:

22 сентябрь, 18:30* — «Тошкент – нон шаҳри» (1968 й.)
23 сентябрь, 18:30 — «Паризод» (2012 й.)
24 сентябрь, 18:30 — «Дилхирож» (2000 й.)
25 сентябрь, 17:30 — «Осмондаги болалар» (2002 й.)
28 сентябрь, 18:30 — «Ота» (2014 й.)
* – намойишлар Вашингтон вақти билан кўрсатилган.

SHARE