Самарқанд вилояти ҳокими: “Дабдабали тўйларни айрим раҳбарлар, зиёлилар ўтказаётгани эса мутлақо кечириб бўлмайдиган ҳолатдир”

Вилоят ҳокимлигида тўй ва бошқа маросимларни ихчамлаштириш, тунги клублар фаолиятини тартибга солиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақида “Зарафшон” газетаси хабар тарқатди.

Вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарган тадбирда туман ва шаҳар ҳокимликлари, ҳуқуқ тартибот идоралари, хотин-қизлар қўмиталари масъул ходимлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Дастлаб халқ депутатлари вилоят Кенгашининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижроси муҳокама этилди.

Таъкидландики, Президентимизнинг 1998 йил 28 октябрдаги “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги фармони ва бугунги кун талабидан келиб чиқиб, жорий йил 21 июлда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлса-да ҳамон тўй-маъракаларни ортиқча сарф-харажат ва ўзлигимизга хос бўлмаган урф-одат, тадбирлар билан ўтказиш, дабдабабозликка йўл қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ваҳоланки, мазкур қарор асосида вилоят ишчи гуруҳи тузилиб, вилоятимизда мавжуд 257 та тўйхона ва ресторанларга маҳалла оқсоқоллари, “Нуроний” жамғармаси вакиллари, масжидлар имом-хатиблари, солиқ ва санитария-эпидемиология назорати марказлари ходимлари бириктирилган эди.

– Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари вазият ижобий томонга ўзгармаганини кўрсатмоқда, – деди вилоят ҳокими. – Вилоят фаоллари ва жамоатчилик томонидан тўла маъқулланган, ҳаётга татбиқ этилиши лозим бўлган тавсиялар ва тартибларга амал қилиш масаласига ҳанузгача бефарқлик ва ўта совуққонлик билан қаралмоқда. Айрим раҳбарлар ва мутасаддилар ўзибўларчилик кайфиятида, тўйхона ва ресторан раҳбарлари эса фақат шахсий манфаатни ўйлаш билан овора! Ана шундай дабдабали тўйларни бошқаларга ибрат бўлиши керак бўлган айрим раҳбарлар, зиёлилар, тадбиркорлар ўтказаётгани эса мутлақо кечириб бўлмайдиган ҳолатдир. Мисол учун, яқинда Самарқанд шаҳридаги Мир Саид Барака маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар “Эдвентич” меҳмонхонасида ўтказилган тўйдан бутун маҳалланинг тинчи бузилганини баён этишган. Аниқланишича, бу ерда вилоятимиздаги олий ўқув юртларидан бирининг профессори фарзандининг никоҳ тўйини ўтказиб, Тошкентдан қўшиқчи, шоу ижро этувчи қизлар олиб келган. Келин-куёвнинг дабдаба билан кириб келиши, пул сочилиши, тун ярмида мушакбозлик қилиниши на миллий қадриятларимизга ва на қонун талабларига тўғри келади.

Йиғилишда аксарият тўйхона, ресторанларда санитария-гигиена қоидалари, ёнғин хавфсизлиги талаблари қўпол равишда бузилаётгани, хизмат кўрсатаётган официант, сураткаш, санъаткорлар тегишли рухсатнома ва ҳужжатларсиз фаолият олиб бораётгани, нақд пулсиз ҳисоб-китобни амалга ошириш учун терминал аппаратлари ўрнатилмагани таъкидланди.

Тўйларга 250-300 нафаргача меҳмон айтилиши тавсия этилган бўлса-да ишчи гуруҳ ўрганиши давомида Самарқанд шаҳридаги “Кўк сарой”, “Нодирий” тўйхоналарида 500-550 киши, Самарқанд туманидаги “Висол”, “Шодимурод” базмгоҳларида 500-1000 кишилик жой ҳозирланиб, тўй ўтказилаётгани кузатилган.

Бугунги кунда концерт ва тўй-ҳашамларда маънисиз куй-қўшиқлари ёки миллий маънавиятимизга хос бўлмаган кийиниши билан ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатаётган айрим «санъаткор»ларга нисбатан қатъий чоралар кўрилаётган, уларнинг лизенцияси бекор қилинаётган бир пайтда Самарқанддаги тўйларда умуман лицензияга эга бўлмаган хонандаларнинг хизмат қилаётганини қандай тушуниш мумкин?..

Йиғилишда Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган тунги клублардаги ҳолатлар ҳам атрофлича муҳокама этилди. Бугунги кунда шаҳарда фаолият кўрсатаётган ўттиздан ортиқ тунги клуб, дискотека ва барларга қўйилган номларнинг ўзиёқ кишида салбий таассурот қолдиради. Бу номлар на “Давлат тили ҳақида”ги Қонун талабларига, на миллий маънавиятимизга тўғри келади. Мисол учун, “Камилот” – ўрта асрларда Буюк Британиядаги шаҳар номидан, “Рафаэлло” – италиялик ширинпаз исмидан, “Кавалли” – италиялик дизайнер исмидан, “Паттая” – Таиланддаги шаҳар номидан келиб чиққан бўлса, “Жунгли” – чангалзор, “Алтер Эго” – вақтни ўзгартир, “Смоке” – чекиш, “Редлайн” – қонли йўл деган маъно англатишини ушбу муассасалар эгалари ва уларнинг фаолиятига рухсат берганлар биладими? Халқимиз учун, самарқандликлар учун бу номларнинг қайси бири қандай қимматга эга? Номиданоқ қандай ғояга хизмат қилиши кўриниб турган тунги клублар ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатмайди, деб ким айта олади?!
Ачинарлиси, бундай бар ва тунги клублар солиқ ва коммунал тўловларни тўламасдан ишлаб келмоқда.

Бу жойларда яроқсиз спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари ва айрим ҳолларда гиёҳванд моддалар сотилмоқда. Баъзи бир тунги клубларда енгил табиатли аёлларнинг жалб этилганини қандай тушуниш мумкин?

Тегишли идоралар томонидан ўтказилган рейдлар давомида Самарқанд шаҳридаги “Алтерего”, “Паттая”, “Жавани”, “Шахристан” ва “Ниагара” тунги клубларида 2,5 миллион сўмга яқин кирим қилинмаган тушум пуллари, истеъмолга яроқсиз 30 миллион сўмлик спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган. Каварзор маҳалласида жойлашган “Диамонд”, “Университет хиёбони”даги “Регистон Плаза” меҳмонхонаси ертўласида жойлашган “Бархан” тунги клублари ҳеч қандай ҳужжатсиз фаолият кўрсатиб келган. Кўпгина тунги клублар ошхоналари санитария-гигиена қоида ва талабларига мутлақо жавоб бермайди. Ошхоналар чиқиндидан тозаланмаган, хавфсизлик таъминланмаган ва қонунга зид ҳолда электр энергияси, маший газ балонларидан фойдаланилган.

– Тадбирлар давомида 400 дан ортиқ фуқаро шахсига аниқлик киритиш мақсадида ички ишлар бўлимларига олиб келинди, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Файзулло Қувондиқов. – 30 нафар енгил табиатли аёллар Самарқанд шаҳар тери-таносил касалликлари диспансерида тиббий текширувдан ўтказилган. 20 га яқин енгил табиатли раққоса аёллар рухсатномасиз фаолият олиб бораётганлиги сабабли маъмурий жавобгарликка тортилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган шовқин меъёр ва қоидаларига асосан инсон учун 65 дБ. (децибел) рухсат этилган меъёр сифатида белгиланган. Аммо, ўрганиш натижасида маълум бўлмоқдаки, аксарият ресторан ва тўйхона, тунги клубларнинг ёпиқ залларида мусиқа овози 200-250 дБ. (децибел), яъни меъёрга нисбатан 3-4 баробар юқори бўлмоқда.
Йиғилишда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, депутатлар, маҳаллалар фаоллари ва нуронийлар муҳокама этилган масалалар юзасидан ўз муносабатлари, таклифларини билдирдилар.

– Тунги клубларда вояга етмаган шахсларнинг ҳам учраётгани аниқланмоқда, – деди вилоят прокурори Баҳодир Дехқанов. – Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1882-моддасида ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрлар, компьютер заллари масъул шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг тунги вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз кўрсатилган муассасаларда бўлишига йўл қўйиш – энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган. Афсуски, вояга етмаган ёшларнинг тунги вақтда нафақат бундай клубларда бўлиши, балки бу муассасларда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётганлиги ҳам аниқланди. Ана шундай ҳолатлар аниқланган бир қатор тунги клуб раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

– Тўйлар масаласида ҳам, тунги клублар масаласида ҳам хунук ҳолатларнинг юзага келиши, истаймизми йўқми, аввало, маънавиятга, тарбияга боғлиқ, – дейди меҳнат фахрийси Дўпал Носирова. – Тарбияда эса биз, аёлларнинг ўрнимиз жуда катта. Шу сабабли юқоридаги иллатларга қарши курашда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, хотин-қизлар қўмиталарининг ушбу масалага янада жиддий ёндашишларини таклиф қиламиз.
Йиғилишда тўй-маросимларни камчиқим, миллий қадриятларимизга мос тарзда, муҳими, халқимиз турмуш тарзидан келиб чиқиб ўтказиш, ёшлар таълим-тарбияси, маҳаллаларимиз ободлигига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.

SHARE