Ўзбекистон ва Испания ўртасида иккиёқлама солиқ солмаслик бўйича битим кучга кирди

Ўзбекистон Республикаси билан Испания Қироллиги ўртасида икки ёқлама солиқ солмаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги 2013 йил 8 июлда имзоланган конвенция 19 сентябрдан кучга кирди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлвар вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, конвенция Ўзбекистон билан Испания юридик ва жисмоний шахсларининг ўз давлатларида ёки шерик давлатда олган даромадлари икки марта солиққа тортилмаслигини таъминлайди.

Мазкур халқаро шартнома ўзаро инвестицияларни жалб қилиш ҳамда икки давлат компания ва тадбиркорлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга имкон беради.

Шунингдек, ушбу конвенция солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон билан Испания солиқ идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ҳам назарда тутади.

SHARE