Ўзбекистон тажрибаси ўрганилмоқда ва кенг жорий этилмоқда

Ўзбекистон тажрибаси ўрганилмоқда ва кенг жорий этилмоқда Самарқандда «Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантириш, давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизлар роли: Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференция Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан «БМТ – хотин-қизлар» тузилмасининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги минтақавий бюроси, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича омонат кассалари жамғармаси ҳамда Ф.Эберт номидаги жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, хорижий ва халқаро ташкилотлар вакиллари, АҚШ, Хитой, Германия, Италия ва бошқа давлатлардан экспертлар, журналистлар иштирок этди.

Конференция иштирокчилари дастлаб Самарқанд енгил саноат коллежида бўлиб, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш штаби, Самарқанддаги 21-умумтаълим мактабининг «Ораста қизлар» тўгараги фаолияти билан танишди. Шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, халқаро танловлар, математика, кимё, чет тиллар бўйича фан олимпиадаларида совринли ўринларни эгаллаган ёшлар билан учрашди. Самарқанд шаҳридаги Чашма маҳалласида бўлди.

Конференцияда мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Жамиятимизда хотин-қизларнинг роли ва нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий фаоллигини, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш учун зарур шароитлар яратиш, барча соҳаларни модернизация қилиш ҳамда янгилашдаги иштирокини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.

Бунинг учун хотин-қизларга нисбатан давлат сиёсатини янада ривожлантириш ва уларнинг ҳуқуқларини институционал ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган юздан ортиқ қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига олган қонунчилик базаси шакллантирилиб, самарали фаолият кўрсатмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2004 йил 25 майдаги «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони, бу борада қабул қилинган қонунлар умумэътироф этилган халқаро демократик нормаларга тўла мос келади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси БМТнинг «Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенцияси, Халқаро меҳнат ташкилотининг «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситиш тўғрисида»ги конвенцияларини ратификация қилган.

Бугун мамлакатимиз хотин-қизлари жамиятимизни ривожлантириш, иқтисодиётни ислоҳ қилиш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан ва маданият соҳаларини юксалтириш бўйича устувор вазифаларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшаётир.

Конференцияда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва бошқа органларига сайловларда улар иштирокини кенгайтириш борасида Ўзбекистон тажрибаси кўриб чиқилди. Сайлов тизимининг халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ такомиллаштирилаётгани, сиёсий партиялардан депутатликка номзод бўлган хотин-қизлар учун қонунчилик квотаси 30 фоизгача оширилгани ушбу йўналишдаги муҳим қадам бўлиб, бу уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этиш имкониятини янада кенгайтиргани таъкидланди.

Жумладан, 2014 йилнинг декабрь ойида ўтказилган сайлов якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 24 нафар хотин-қиз депутат этиб сайланди ва бу жами депутатлар корпусининг 16 фоизини ташкил қилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида хотин-қизлар 17 фоизни ташкил этади. Бу нафақат уларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллиги юксалиб бораётгани, балки давлат ҳокимияти вакиллик органларида иштирок этиши қонуний кафолатланганидан далолат беради.

– Ўзбекистонга ҳар сафар келганимда мамлакатингиз ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётгани гувоҳи бўламан, – дейди АҚШ Хотин-қизлар ташкилотлари миллий кенгаши раиси Сьюзан Сканлан. – Ўзбекистонлик хотин-қизлар билан навбатдаги учрашувда америкалик аёлларнинг ҳам улардан ўрганадиган жиҳатлари кўп деган фикрга келдим. Негаки, бугун Ўзбекистон хотин-қизлари нафақат оила фариштаси, балки меҳнатсеварлиги, иқтидори ва масъулияти билан улкан натижаларга эришаётган юқори малакали мутахассислар, ижодкорлардир.

Аҳоли қатламлари томонидан қўллаб-қувватланаётган фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий-сиёсий соҳада хотин-қизлар фаоллигини кучайтириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширишда давлатнинг ишончли ҳамкорларига айланди. Айни пайтда жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида фаолият кўрсатаётган 8 минг 200 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотининг 530 дан ортиғи хотин-қизлар ташкилотларидир. Уларнинг фаолияти асосан хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Йирик нодавлат нотижорат ташкилотларидан бири бўлган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида хотин-қизларнинг самарали иштирокини таъминлаш, уларнинг маънавий, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасида комплекс тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, 2015 йилнинг март ойида Хотин-қизлар қўмитаси, “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки ва сиёсий партиялар ўртасида коллеж ва академик лицей битирувчилари, шунингдек, хотин-қизлар учун мамлакатимизнинг чекка туманларида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича семинарлар ўтказиш тўғрисида қўшма қарор имзоланди. Хотин-қизлар қўмитаси, Марказий банк ва Банклар уюшмасининг хотин-қизлар, айниқса, коллеж битирувчиларини қишлоқ жойларда кичик бизнес, фермерлик, хизмат кўрсатиш, касаначилик соҳасига кенг жалб қилиш ҳисобидан уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Бу борада 350 дан ортиқ семинар ўтказилди. 250 мингдан зиёд хотин-қиз мамлакатимиздаги молиявий хизматлар ҳақида маслаҳат олди, иқтисодий саводхонлигини оширди.

– Ташкилотимиз «Аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан кўп йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади, – дейди Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича омонат кассалари жамғармаси департаменти директори Матиас Фосс. – Ҳамкорлигимиз самарасида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида тадбиркор хотин-қизларга молиявий саводхонлигини оширишга ёрдам берадиган хотин-қизлар маслаҳат марказлари ташкил этилди. Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилаётгани туфайли 15 мингдан зиёд тадбиркор хотин-қизга кредит олиш, микросуғурта ва бошқа масалалар юзасидан маслаҳатлар берилди.

Масалан, Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳамкорларининг биргаликдаги фаолияти самарасида тадбиркорлик билан шуғулланишни бошлаган хотин-қизлар жорий йилнинг биринчи ярмида қиймати 685,7 миллиард сўмдан ортиқ кредит олди ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31,5 фоизга кўпдир. Жумладан, “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан тадбиркор хотин-қизларга ажратилган 45,4 миллиард сўмдан ортиқ кредитлар ҳисобидан 5 минг 300 дан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимлари коллежни тамомлаган қизларни ишга жойлаштириш ва бандлигини таъминлаш бўйича самарали ташкилий ишларни амалга оширмоқда. Шу мақсадда барча вилоятларда ёшларга янги иш ўринлари, шахсий ва оилавий бизнесни юритиш тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда маслаҳат хизматлари кўрсатиш штаблари тузилди. 2015 йилда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича 23 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди. Уларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва тадбиркорлик соҳасидаги билимини бойитишга қаратилган 9,8 минг тадбир ташкил этилди.

Халқаро экспертлар хотин-қизларнинг мамлакатимиз маданий ҳаётидаги тўлақонли иштирокини таъминлаш, оила ва жамиятда уларнинг ролини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдаги Ўзбекистон тажрибаси билан ҳам танишди.

Бугунги кунда Ўзбекистон хотин-қизлари иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилиб, ўзининг касб маҳорати ва ижодий қобилиятини намоён этаётгани алоҳида таъкидланди. Бу борада мамлакатимиз меҳнат қонунчилиги муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, мазкур қонунчиликда хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилиги, уч ёшга тўлмаган боласига қараш учун ҳақ тўланмайдиган таътил олиш ҳуқуқи, ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар учун имтиёзлар кафолатланган, уларни оғир, хавфли ва тунги ишларга жалб қилиш тақиқланган. Иш берувчи корхона ва ташкилотларда хотин-қизлар меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича семинарлар, тушунтириш ишлари мунтазам ўтказиб келинмоқда, хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқларига риоя этиш ўрганилмоқда.

– Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси самарали фаолият кўрсатаётгани ва давлатингиз томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар менда катта таассурот қолдирди, – дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Истанбулдаги минтақавий офисининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича гендер масалалари маслаҳатчиси Бхарати Садасивам. – Мисол учун, ушбу халқаро конференция доирасида маҳаллаларга раислик қилаётган аёллар билан учрашдик, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари билан суҳбатлашдик. Бундан ташқари, тадбир давомида юқори лавозимларда меҳнат қилаётган аёллар маърузаларини тингладик. Буларнинг барчаси давлатингиз мамлакат учун муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизлар ҳуқуқларини янада кенгайтириш тарафдори эканидан далолат беради.

Мамлакатимизда хотин-қизлар саломатлигини ҳимоя қилиш, соғлом оилани шакллантириш масаласида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги, хотин-қизлар ва оилавий спортни ривожлантиришга кўмаклашиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни ташкил этиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.

Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ва комплекс чора-тадбирлар самарасида мамлакатимизда 20 йилда ўртача умр кўриш 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида 75 ёшга узайди. Бунга кўп жиҳатдан замонавий ва энг юксак талабларга жавоб берадиган тиббиёт муассасалари ташкил этилаётгани туфайли эришилмоқда. Бундан ташқари, мактаб, коллеж, лицей ва олий ўқув юртлари, ташкилот ва маҳаллаларда «Соғлом она – соғлом бола» мавзусида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва репродуктив саломатликни муҳофаза қилишга доир маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу йўналишда икки юздан ортиқ турли тадбирлар ўтказилиб, уларга икки миллиондан зиёд оила қамраб олинди.

Мамлакатимизда замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган 3 мингдан ортиқ қишлоқ врачлик пункти ташкил этилиб, ўнта республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази фаолият кўрсатаётгани аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш тизимини ислоҳ қилишда муҳим ўрин тутмоқда. Шунингдек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича юқори самарали тиббиёт муассасалари тармоғи ташкил этилди. Барча вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида скрининг марказлари фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили 230 мингдан зиёд ҳомиладор аёл ушбу марказларда тиббий кўрикдан ўтказилди. Перинатал марказлар тармоғи ҳам жадал ривожланмоқда. Ўтган ўн йилда ташкил этилган 11 перинатал марказда 2014 йилда 206 мингдан зиёд аёл ва чақалоқларга юқори малакали ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатилди. Бу 2010 йилга нисбатан 1,3 марта кўпдир.

Конференцияда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида спортни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида улар учун спортнинг 39 тури бўйича 35 мингдан ортиқ секция ташкил қилинган. 2008 йилда ушбу секцияларда 2,5 миллион хотин-қиз шуғулланган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 4,2 миллиондан ошди.

Халқаро экспертлар Ўзбекистон хотин-қизларининг билим даражасини ҳам юқори баҳолаб, ривожланган демократик давлатлардаги кўрсаткичлардан қолишмаслигини таъкидлади. Бу бежиз эмас. Негаки мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, адабиёт, санъат, фан, маданият ва спорт соҳаларида иқтидорли қизларни рағбатлантириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. 226 қиз Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлгани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Айни пайтда уларнинг аксарияти фаол ва етакчи сифатида илмий изланишлар билан шуғулланмоқда. Уларнинг 20 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси, шунингдек, Алишер Навоий, Ибн Сино номидаги стипендиялар соҳибалари, 30 нафари республика, Осиё ва жаҳон спорт мусобақалари чемпионларидир.

– Ўзбекистонга илк бор келишим ва мамлакатингизда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш соҳасида эришилаётган ютуқлар менда катта таассурот қолдирди, – дейди Шанхай аёллар федерациясининг хотин-қизлар ишлари бўйича департаменти директори Гу Сьюжуан. – Ўзбекистонда улкан ютуқларга эришаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими мени, айниқса, ҳайратга солди. Жумладан, Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилгани ўзбекистонлик қизларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича ўзига хос ноёб тажрибадир. Зеро, ушбу мукофот уларга барча соҳаларда муваффақиятларга эришишда илҳом бағишлайди. Бу бизда катта қизиқиш уйғотди.

Мухтасар айтганда, халқаро конференция мамлакатимиз ва хорижий илмий тадқиқот, эксперт-таҳлил тузилмалари вакилларининг жамиятда хотин-қизлар ролини ошириш, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти ҳамда фуқаролик позициясини шакллантириш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий тажрибасини ўрганиш, шунингдек, тегишли фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш тажрибасини кенг жорий этиш масаласи юзасидан ўзаро фикр алмашиш учун ўзига хос майдон вазифасини ўтади.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

SHARE