Ислом Каримов Устюрт газ-кимё мажмуасини қуришга бир миллиард доллар ажратган Корея банки раҳбарини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 22 сентябрь куни Оқсаройда Корея Республикаси Экспорт-импорт банки (Эксимбанк) президенти Ли Дук Хунни қабул қилди. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

Давла раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама ва изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидан кейин илк давлат ташрифи билан жорий йилнинг май ойида Корея Республикасига борди. Ушбу ташриф ўзаро манфаатли серқирра ҳамкорликнинг миқёси ва истиқболларини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон билан Корея Республикаси Эксимбанки ўртасидаги инвестициявий шерикликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ташриф доирасида “Асака” акциядорлик тижорат банки билан Эксимбанк ўртасида 160 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит тақдим этиш бўйича банклараро битим имзоланишини юқори баҳолади.

Мамлакатда стратегик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилишда иштирок этаётган Корея Республикаси Эксимбанки Ўзбекистон Республикасининг Осиё-Тинч океани минтақасидаги асосий шерикларидан биридир. 1999 йилдан буён Ўзбекистонда мазкур банк маблағлари ҳисобидан 935 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳалар амалга оширилди. 2012 йилдан буён умумий қиймати қарийб 1,2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда, яна 900 миллион доллар миқдоридаги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Эксимбанк Сурғил кони негизида бунёд этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуасининг асосий кредиторларидан бири эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Банк бу йирик лойиҳага бир миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган.

Ли Дук Хун самимий қабул учун давлат раҳбарига миннатдорлик изҳор этиб, Эксимбанк Жанубий Корея ишбилармон доиралари қаторида Ўзбекистон билан ўзаро фойдали ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади

SHARE