Академик Азиз Қаюмов: “Навоий вафот этган кунда ҳам бир ғазални бошлаб қўйган экан”

Академик Азиз Қаюмов билан суҳбат

Оилавий муҳит ва китоб боланинг келгусидаги истиқболини белгилаб берувчи катта кучдир. Уйимиз тўрида мўътабар яратиқ сифатида китоблар турарди. Турли тиллардаги газеталар келарди. Мен уларни ўқишга иштиёқманд эдим. Бундан ташқари, отам уйда қироат билан ғазал ўқирдилар. Ғазал ўқиётганларида отамнинг юзидан меҳр уфуриб турарди. Инсонга китобнинг таъсирини болалар ўз отасида, онасида кўрмаса, қаерда кўради? Китобга муҳаббатни отамиздан ва онамиздан ўрганганмиз.

– «Болалик – инсон келажагининг ойнаси», дейишади. Айниқса, бу ижодкорлар, илм аҳлида ўзгача кечади. Болаликда кўрганлари, билганлари вақти келиб унинг ҳаётини ёритувчи ягона порлоқ юлдуз бўлиб хизмат қилиши мумкин. Болаликда олган илк таълим, илк ўгит, илк синовларни қандай хотирлайсиз?

– Келинг, мактабдан бошлай. Бизга биринчи синфда ўқишни ўргатган, қўлимизга илк марта қалам тутган устозимиз Ҳамзахон Аббосов деган домла эди. Улар Қўқондаги машҳур илмли домлалардан бўлиб, ўта зукко, маърифатли одам эди. У киши бизга китобга меҳр қўйишни ва доимо ўзаро самимий бўлишни уқтирардилар. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Эсдан чиқаришга ҳаққим йўқдек, гўё.

1932 йил… Қўқондаги 3-мактаб, биринчи синф ўқувчисиман. Бир куни мактабимизга бир гуруҳ амалиётчилар келишди. Бўлажак ўқитувчилар. Улар бизнинг саводхонлигимизни кўрмоқчи бўлишди. Шунда устозим доскага бир нималарни ёздида, ҳаммага қараб шундай деди: «Буни энг ақлли ўқувчим, Азизбек ўқиб беради». Аммо мен ўша пайтда ўқишни яхши билмасдим. Устозимнинг эса, мени «ақлли» деб ўйлашига сабаб менинг хотирам эди. Яъни, устозим бир жумлани овоз чиқариб айтар, мен уни тезда ёдлаб олардим. Хотирамдан сира ўчмасди. Кейин уни шартта айтиб ташлардим. Ўша пайт устознинг нима ёзганини кимгадир чалғиб эшитолмай қолдим ва амалиётчилар олдида кичкинагина жумлани ўқиб бера олмадим. Мен-ку ёш боламан, лекин ўқитувчим қаттиқ мулзам бўлди. Амалиётчилар ҳам ҳайрон, энг яхшиси шу бўлса, қолганлари… Ишонасизми, ўша пайтда қалбимни эгаллаган ҳижолат ҳали ҳам мени қийнайди.

– Илк марта бадиий ижоддан ҳайрат туйғусини қачон ҳис қилгансиз? Қандай адабиётлар бунга сабаб бўлган?

– Жуда ёш эдим. Адашмасам, биринчи ё иккинчи синфда ўқирдим. Адабиёт хрестоматиясида Уйғуннинг «Тонг» деган шеърини ёдлаб олганман. У ҳали ҳам хотирамда сақланади.

Тонг қизи кулимсираб, юзини очди,
Кўк юзидан юлдузлар уялиб қочди…

«Адабиёт хрестоматияси»даги турли шеърларни, ҳикояларни, романлардан парчаларни ўқиб тўймасдим.

Бир куни қўлимга Пушкиннинг «Дубровский» асари тушиб қолди. Ким бу асарни ўзбек тилига ўгирганлигини билмайман. Бу асарга мафтун бўлиб қолдим ва шу мафтунлик ҳозир ҳам мендан айро тушгани йўқ.

Ўша пайтда ўқиб чиққан китобларим рўйхати менда ҳали ҳам сақланиб турибди. Онам менга ўқиб чиққан китобларингни бир дафтарга ёзиб қўйгин, болам дер эдилар. Мен ёзиб қўйган эканман. Онанинг ёш болага эътиборини қаранг…

– Демак, ёш авлоднинг шаклланишида оила ва китобнинг ўрни жуда катта экан-да?!

– Албатта! Оилавий муҳит ва китоб боланинг келгусидаги истиқболини белгилаб берувчи катта кучдир. Отам маърифатли, илмли одам эдилар. Уйимиз тўрида мўътабар яратиқ сифатида китоблар турарди. Турли тиллардаги газеталар келарди. Мен уларни ўқишга иштиёқманд эдим. Бундан ташқари, отам уйда қироат билан ғазал ўқирдилар. Ғазал ўқиётганларида отамнинг юзидан меҳр уфуриб турарди. Инсонга китобнинг таъсирини болалар ўз отасида, онасида кўрмаса, қаерда кўради? Китобга муҳаббатни отамиздан ва онамиздан ўрганганмиз.

– Нега айнан мумтоз адабиётга меҳр қўйдингиз ва бутун умрингизни ушбу йўналишдаги тадқиқот ишларига бағишладингиз?

– Мумтоз адабиётга бўлган оилавий муҳаббатимиз бунга сабаб бўлган деб айта оламан. Отам мени Навоийга шайдо қилган. Онам мумтоз ғазалларни эшитганда кўзига ёш оларди. Буни биз кўрардик.

Акам Ҳафизхон Қаюмов мендан икки ёш катта эди. Кейинчалик уришга кетган ва 1944 йилда бедарак йўқолди деган хат келган. Хуллас, бир куни уйда отам акам иккимизни ёнига чақириб, ёқимли оҳанг билан Фурқатнинг «Сайдинг қўя бер, сайёд» мусаддасини ўқий кетдилар. Кейин унинг мазмунини тушунтириб бердилар. Яъники, бир кишининг рафиқаси оламдан ўтган экан, унинг қайғусида чўлу биёбонларда юрганида бир овчи кийикни ушлаб, уни отига босиб олиб келаётган экан. Фиғон чекаётган одам кийикнинг кўзларини ўзининг дилдори кўзларига ўхшатиб, сайёдга:«Сайдинг қўявер, сайёд, сайёра экан мендек, Ол домини бўйнидан, бечора экан мендек», – деган экан. Отам шунчалик таъсирчан қилиб шеърни ўқир эдиларки, бизнинг кўзимиздан ёшлар дув-дув тўкила бошлади. Қанча вақт ўтганини билмай қолибмиз. Кун кеч бўлибди. Хона чироғини ёқиш ҳам хаёлимизга келмабди. Чунки кўнглимиз маънавият чироғи билан равшан эди. Шунда онам кириб қолдилар. Қараса, бизлар йиғлаб ўтирибмиз. Хавотирланиб астагина отамдан сабабини сўрадилар. Отам шеърни ўқиб берганлигини, бизлар таъсирланиб йиғлаётганлигимизни айтдилар. Онам шунда бизнинг бошларимиздан силаб, юзларимизга иссиқ юзини қўйиб бағриларига босган эди.

Ўша пайтларда радиода бериладиган шашмақом концертларини отам қолдирмай эшитардилар ва бизларни ҳам мажбурлаб олдиларига олиб ўтирардилар. Аста-секин бу санъатнинг моҳиятини тушуна бошладик ва ҳозиргача ушбу куйларнинг мухлисиман. Мумтоз адабиётсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Чунки бу менинг қон-қонимга сингиб кетган.

– Ўша пайтларда илм қилиш билан биргаликда сизни раҳбарлик лавозимига тайинлашади. Кўпчилик олимлар раҳбар бўлгач, илмий ишлари бир четда қолиб кетади. Сизда-чи, аксинча бўлди. Илмда ҳам юксалиб бордингиз. Бунинг сири нимада деб биласиз?

– Ўша пайтларда ҳали ўзбек адабиёти тарихи ёзилмаган эди. Бундан ташқари, Олий таълим муассасалари учун адабиёт дарслиги умуман йўқ эди. Олий ўқув юртлари учун ўзбек тили грамматикаси йўқ. Мен ўз жойимда шундай бир пайтда бўлишни истардим. Ҳар ким ўзининг ўрнида ишлаши керак деган фикрда эдим. «Менинг ўрним Тил ва адабиёт институтида, отам тил ва адабиёт фанидан ўқитувчи, менинг укам адабиётчи-ку» – дея, мени катта лавозимга таклиф қилганларга тушунтирдим. Аммо бўлмади. Катта лавозимда 18 йил ишладим. Лекин бирон сония илмдан узилмадим, тинимсиз ўқидим, изландим. Дам олишга борганда илм қилишга борардим. Чекка-чекка юртларга одамлар саёҳат қилгани борса, мен илм қилишга ҳоли жой қидириб борардим. Олим аҳлини мен яхши биламан. Минглаб катта лавозимларда ишламанг, минглаб медалларни олманг илмлилардан бир-иккитаси сизни сариқ чақага олмаса, демак, сиз ҳеч кимсиз. Ўша бир иккита ҳақиқий олимларнинг фикри сизнинг унвонларингиздан юқори туради. Шуни айтмоқчиманки, бир кун ҳам илмдан узоқлашганим йўқ. Қандай ишлар топширишмади. Чидадим. Навоийнинг «Лисон ут-тайр» асари тадқиқотини Кореянинг Пхеньян шаҳрида ёзганман. Бизнинг ишимизда лаборатория керак эмас, махсус суюқликлар керак эмас. Фақат ишлаш керак, ишлаш. Ҳар куни. Мен бир кунда камида беш варақ ёзишни одат қилганман. Ҳозир ҳам. Ахир, ўн жилдлик асарлар тўпламим бекордан-бекорга пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу ҳар кунги ижод, ҳар кунги пешона тери маҳсули.

– Биз Навоийдан фахрланамиз, улуғ бобомиз деб Навоийни суямиз. Аммо Ҳазрат Навоийга қанчалик яқинмиз – бу катта савол?! Навоий даҳосига қанча яқинлашган сайин, унинг бебаҳо ижодидан шунчалик узоқда эканлигимизни англаб қоламиз. Масалан, мен сизнинг “Садди Искандарий” асарингизни ўқиганимдан сўнг, “Ҳамса” ни қайтадан ўқиб чиққанман ва энди ундан олган ҳайратим чексиз эди. Бугунги кунда навоийшунослар Навоийни халққа яқинлаштириш учун нималарга эътибор қаратиши керак деб ўйлайсиз?

– Навоий ижодини бугун халқимиз тушунмаслигига биз, навоийшунослар айбдор. Мен айбдор, ҳамкасбларим айбдор. Кўпинча биз бир-биримиз учун ишлаймиз. Кимгадир, қайсидир олимга янгилик топиш учунгина ишлаймиз. Ўша тадқиқотимиз халқимизга қизиқми, йўқми деб ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Натижада, халқимиз Навоийдан узоқлашиб бормоқда. Унинг ижодини тушунмаслик келиб чиқмоқда.

Навоий ижодини халққа етказишнинг турли йўллари бор. Навоийнинг содда, тушунарли ижод намуналарини халқимиз орасида кенг ёйиш керак. Аста-секин ўқувчиларнинг ҳайрати ошиб кетаверади. Бирин-кетин Навоийнинг бошқа ижод намуналарини ҳам ўқиб чиқаверади.

Бугунги кунда Навоий ғазаллари телевидение сухандонлари томонидан жуда яхши ўқилаётганлиги бор гап. Симфония ҳам жўрлик қилган ҳолатларни ҳам кўряпмиз. Лекин бу юртдошларимизга қанчалик етиб бормоқда? Навоий ижодининг асоси – сўз, сўздаги моҳият. Моҳиятни халқимизга чақиб беришимиз керак, уни шунчаки чиройли ўқиб қўйиш эмас. Авваллари телевидениеда Навоий асарларининг насрий баёни бериларди. Буни кимлардир илмий иш эмас дейди. Илмий ишми ёки йўқми халққа манзур бўлаяпти-ку, халқимизни қандайдир чет эл ёзувчиси билан эмас, ҳазрат Навоий билан боғлаяпти-ку?! Олимларимиз шу нуқтаи назар билан қараса мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳар қандай докторлик иши халқимизга бирор наф бермаса унинг зарурати бормикан? Қилаётган илмимизнинг халққа қанчалик фойдаси бор? Бундан кимга фойда? Бир ўйлаб кўрайлик.

Яна бир нарса, бугунги оммабоп – «сариқ матбуот» нашрларида Навоий ижодидан бир шингил бериб бориш керак. Ахир, улар ҳам маънавият учун хизмат қилишлари керак-ку. Моддиятга унчалик интилиб кетмайлик. Уйимизда битта машина, битта кутубхона бўлсин. Уйда китоб бўлсин, азизлар. Улар ўқилсин. Беруний ёзади: Денгизда бир кема адашиб узоқ оролга бориб қолибди. Оролда яшовчи бир оила кемалардаги одамларни меҳмон қилибди, ноз-неъматлар қўйибди. Уларнинг заҳирасини тўлғозишга кўмаклашибди. Шунда кемадагилар кетар чоғида оила бошлиғига мурувват қилайин деб, олтин танга берибди. Олтин тангани қўлига ушлаган мезбон уни тишлаб кўрибди, ҳидлаб кўриб қайтариб берибди ва кема капитанига шундай дебди: «Сенга амалий фойдаси тегмайдиган нарсани, сенга фойдаси теккан нарсалар эвазига беришинг яхши эмас». Қиссадан ҳисса шуки, бойликка муносабат шундай бўлиши керак, дейди Беруний. Инсон учун, энг муҳими, маънавиятли бўлишдир. Маънавиятни эса, Низомийдан, Жомийдан, ва, албатта, Навоий каби улуғлардан ўрганишимиз керак. Навоий айтганидек; «Умидимдан мани хурсанд этгил, Умидим шу, умидингға етғил».

– Сиз ХХ асрда ижод қилган ва ўзбек адабиётига катта ҳисса қўшган Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шуҳрат каби фидойи ижодкорларни нафақат кўрган, балки улар билан бирга турли жойларда фаолият олиб боргансиз. Шу билан биргаликда, бугунги кунда адабиётда ўз ўрнига эга бўлган кўплаб ёзувчи ва шоирларга йўл кўрсатган, уларнинг ижодини тўғри баҳолаган устозсиз. Истеъдодни адабиётчилар, танқидчилар қандай ҳимоялаши ва қандай ўсишига хизмат қилиши керак?

– Бу жуда осон. Уларни ишлашга ундаш керак. Қўпол қилиб айтганда, ишлатиш керак. Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бир учрашув бўлди. Аниқроғи, мен билан учрашув. Аудитория тўла. Атрофда қатор унвонли ижодкорлар. Ёш истеъдодлар ўтирибди. Мен уларга қараб шундай дедим: «Беш юз йилдан бери ўзбек тилида битта Хамса ёзилган. Ўша пайтда Навоий қирқ ёшларда эди. Нега сизлар ёзмаяпсизлар? Ахир, форсий забон адабиётида 100 дан ортиқ «Хамса» бор. Нега бизда ёзилмаяпти?». ХХ асрда Барот Бойқобил ёзди. «Янги Хамса» беш китобдан иборат. Яхши-да бу. Ишлади-да. Меҳнат қилди. Ҳаракат бор, уриниш бор. Лекин ҳозир биров тилга олмаяпти. Саралаш учун гуллар кўп бўлиши керак. Шунда гулчамбар бўлади. ХХI аср «Хамсаси»ни ёзиш вақти келди. Ижодкорларни ғайрат қилишга чақириш керак. Ҳар куни ўз устида ишлаш керак. Яна Навоийга қайтадиган бўлсак, Навоий вафот этган кунда ҳам бир ғазални бошлаб қўйган экан. Қаранг, нақадар буюк. Бу гапларни айтиб, ҳис қилиб кўзингизга ёш келади.

– Дунёнинг кўпгина мутафаккир олимлари, ёзувчилари, шоирлари кутубхона олдида қарздорлик ҳиссини туйишларини айтиб ўтганлар. Чунки кутубхоналар уларга улкан хазинани очиб берган. Уларнинг муваффақиятларига ҳисса қўшган. Сизнинг ҳаётингизда кутубхоналар қандай ўринга эга? Хусусан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси?

– Олий ўқув юртида Саъдийнинг «Гулистон» асари ўқитила бошланди. Лекин бизда Саъдий ким, унинг бу асаридан ташқари, қандай асарлари бор? Ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Унинг пурмаъно сўзлари ҳайратимни, ижодига қизиқишимни оширганди. Институт кутубхонасида у ҳақда маълумотлар йўқ. Ўшанда биринчи бор Миллий кутубхонага боргандим. У ердаги нодир нашрлар орасидан Саъдий китобларини топиб ўқидим, рус тилидаги турли нашрлар билан танишдим ва ўқиганларим бўйича талабалар илмий конференцияси учун маъруза тайёрладим. Маърузам ҳаммага маъқул келди. Чунки у ердаги мен қатори кўпчилик талаблар Саъдий ижоди билан таниш эмасдилар.

1946 йили кутубхонага илк марта борганман ва ўтган етмиш йилим шу кутубхона билан боғланди. Ўша пайтларда кутубхона жуда тирбанд эди. Эшикда одамлар ким чиқиб кетса ўрнига кирамиз деб пойлаб ўтиришарди. Биз ҳам шулар сафида эдик.

Авваллари ёшлар ҳақиқий илм оладиган, қунт билан ўқийдиган, ҳамма қулайликка эга кутубхона бўлишини ният қилардим. Кутубхонада, ҳатто, машҳур фильмлар кўриладиган зал бўлишни орзу қилардик, ҳам дам олишса, ҳам ўқишса. Мана бугун Тошкентда шундай кутубхона мавжуд. Биз бундан жуда бахтиёрмиз. Лекин бунинг сонини кўпайтириш керак. Ҳар бир вилоятда шундай кутубхоналар қад ростласа, қандай яхши бўларди! Ёшлар у ерда ҳам дам олсин, ҳам илм олсин. Бир кирганча у ердан кечқурун чиқиб кетсин. Бу бизнинг орзумиз эди. Бугунги ёшлар бахтиёр ёшлар.

– Шу ёшларга тилакларингиз?

– Болалик вақтимда отам ҳар хил тасвирлар туширилган мактублар олиб келарди. Уларнинг бирида узун, оппоқ соқолли одам турли гуллар орасидаги дарахтга суянганча, китоб ўқиб ўтирарди. Жуда гўзал эди бу манзара. Кейинчалик бу чол Лев Николаев Толстой эканлигини билганман. Одамларимиз қалбида китобга бўлган муҳаббатни тарбиялаш керак. Журналлар, газеталар, телевидениялар бу соҳада ташаббускор бўлишини истардим.

Минг бор шукур. Мамлакатимиз – тинч, тотув. Ҳамма нарса мана шу тинчликнинг фазилатидан. Доим юртимиз тинч бўлсин. Шу ўринда Саъдийнинг бир жумласини келтирмоқчиман: «Ўзганинг дардидан эрсанг беғам, лойиқ эрмас сени демак одам». Бу гапни Навоий ҳам айтган: «Одамий эрсанг демагил одами, ониким йўқ халқ ғамидан ғами». Инсонпарварлик сизни тарк этмасин. Шунда барча омад ва бахт сиз билан бирга бўлади.

Жавлон Жовлиев суҳбатлашди.
Шоир Хуршид Давроннинг шахсий сайтидан олинди.