Хитой халқаро радиоси Марказий Осиёда фаолиятини кучайтирмоқчи

Хитой халқаро радиоси Марказий Осиё мамлакатларида ўз фаолиятини кенгайтириши зарур. Расмий Пекин минтақа давлатлари билан узоқ муддатни кўзлаб амалга ошираётган стратегик мақсадлар ана шуни тақозо этади.

“Айни пайтда Хитой, Россия ва Марказий Осиё стратегик учликни ҳосил қилган. Шу боис Россиядаги каби Марказий Осиёда ҳам фаолиятимизни янада жонлантиришимиз зарурлигини яхши англаймиз. Халқларимизнинг бир-бирини яқиндан таниши, ўзаро дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта”, – дейди комапаниянинг Рус хизмати раҳбари ўринбосари Ван Делу “Ватандош” мухбири билан Пекин шаҳридаги суҳбатда.

2
Хитой халқаро радиосининг Рус хизмати раҳбари ўринбосари Ван Делу

Айни пайтда Хитой халқаро радиоси Марказий Осиё бўйича фақат қозоқзабон аудитория учун интернет орқали материаллар тақдим этмоқда. Яқин муддатда медиакомпания тизимида замон талабидан келиб чиқиб жиддий таркибий ўзгаришлар амалга оширилади. Мазкур ўзгаришлардан кейин Марказий Осиё давлатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган.

Хитой халқаро радиосига 1941 йил 3 декабрда асос солинган. Радионинг мўъжаз ижодий жамоаси дастлаб эшиттиришлар ҳозирлаш билан чекланган бўлса, орадан салкам етмиш йил ўтиб у глобал медиакомпанияга айланган. 1500 кишилик жамоа дунёнинг 60 дан зиёд тилида радиоэшиттириш ҳамда телелавҳалар тайёрлайди. Халқаро радио турли тилларда матбуот нашрларига ҳам эга. Яъни медиакомпания замонавий ахборот-коммуникация технологияларига таяниб, бир пайтнинг ўзида он-лайн газета, интернет радио ва веб-телевидение имкониятларидан фойдаланмоқда.

Радиога бир йилда бутун дунёдан уч миллионга яқин мактуб келган.
Радиога бир йилда бутун дунёдан уч миллионга яқин мактуб келган.

Биргина радиоканалларнинг кунлик эфир вақти 2700 соатни ташкил этади. Жаноб Ваннинг таъкидлашича, барча таҳририятлар тингловчи ва ўқувчиларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда фаолият юритади. Буни биргина ўтган йили халқаро радиога турли давлатлардан 3 миллионга яқин мактуб келганидан ҳам билиш мумкин.

Халқаро радио Хитойни дунё мамлакатларига танитишни кўзлайди. Айни чоқда, жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида хитойликларга тезкор ва холис ахборот етказиш ҳам медиакомпаниянинг асосий вазифалари сирасига киради.

Собир Камол

SHARE