Ўзбекистонда муборак Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда

Ўзбекистонда эзгулик, саховат, меҳр-оқибат, қаноат ва шукроналик айёми – муборак Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда.

ЎзАнинг хабар беришича, пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом (Хастимом) масжиди эрта тонгдан гавжум. Ушбу мажмуада мамлакатимиздаги барча жомеъ масжидларида бўлгани сингари мўмин-мусулмонлар ҳайит намозини эмин-эркин адо этиб, Яратгандан юртимиздаги тинчлик-осойишталик, тўкинлик ва фаровонлик бардавом бўлишини тилаб, дуо қилди. Бир-бирини қутлаган табрикларда, улашилган ширинлигу совғаларда ўзаро меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, саховат каби умрбоқий тушунчаларнинг эзгу моҳияти яна бир бор намоён бўлди.

– Шукрки, халқимиз маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутган ҳайит айёмини кўтаринки руҳда, эмин-эркин нишонламоқдамиз, – дейди Шукрулло ота Қаршиев. – Ёшларимиз учун бу оддий ҳол бўлиб туюлар, лекин эътиқод эркинлиги, яхшилик, хайр-саховат, меҳр-оқибат каби эзгу қадриятларимизнинг ҳаётимизда намоён бўлиши нечоғли улкан бахт эканини биз катта авлод вакиллари яхши англаймиз. Чунки бир пайтлар шу оддий имкониятлардан ҳам маҳрум эдик. Истиқлол туфайли дин, эътиқод эркинлиги таъминланган, тинч ва обод мамлакатда яшаяпмиз. Юртбошимиз раҳнамолигида миллий-диний қадриятлар, илму маърифат ривожланмоқда. Миллий ўзликни англаш, халқимиз маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга севинмай, шукрона айтмай бўладими?! Илоҳим, юртимиздаги тинчлик-хотиржамликка кўз тегмасин.

Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фондидан маълум қилишларича, мамлакатимиздаги барча маҳаллаларда ушбу хайру саховат, меҳр-оқибат, шукроналик айёмини байрамона кайфиятда кутиб олиш ва ўтказиш учун тегишли чора-тадбирлар кўрилди. Байрам арафасида “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди. Ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.

SHARE