Нуқтаи назар: Сурия инқирози хотима топаяптими?

Сурияда фуқаролар уруши бошланганига ҳам ҳадемай беш йил тўлади. Икки юз эллик мингдан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган, 5 миллион нафардан ортиқ одамнинг қочоққа айланишига мажбур қилган бу уруш ҳали-бери тугайдиганга ўхшамаяпти, бир пайтлар фан ва маданият гуллаб-яшнаган заминда осойишталик бўладиган унсурлар кўзга ташланмаяпти.

Бундан бир неча йил муқаддам Швейцария ва Австрияда Сурия инқирози бўйича бўлиб ўтган музокаралар жаҳон ҳамжамиятида қандайдир умид уйғотган бўлса-да, кейинчалик Ғарб бир неча ҳафта Башар Ассадни ҳокимиятдан четлаштиришга умид қилгани, музокаралар столидан бош олиб чиқиб кетилгани Сурия урушининг кўламини янада кенгайтириб юборди.

Аммо “Ислом давлати” террористик ташкилотининг минтақа ва дунё мамлакатлари учун бошқариб бўлмайдиган даражада талафот олиб келаётгани, Европага урушдан қочаётган қочоқлар сонининг ҳаддан ташқари ошиб бориши Европа ва АҚШ маъмуриятининг Сурияга нисбатан сиёсатида ўзгаришларга олиб келди. Чунки “Сурия бизнинг чегарадан узоқда” деб ўйлаган Ғарб мамлакатларининг минглаб фуқаролари ушбу мамлакатдаги террористлар сафига қўшилаётир, боз устига қочоқларни ўз мамлакатида қабул қилишни ҳеч бир Ғарб мамлакати қувонч билан қарши олаётгани йўқ.

Ўхшамаган уриниш

Аввало, Сурия ҳукуматини тахтдан ағдариш бўйича қуруқликда амалиёт ўтказишга на Барак Обама маъмурияти, айни пайтда Ғарб давлатлари ҳам журъат эта олди. Чунки Ироқ уруши ушбу мамлакатлар ҳукуматларини “қатиқни ҳам пуфлаб ичиш”га мажбур қилди. Қолаверса,Сурия ҳукумати ва “Ислом давлати”га қарши курашиш бўйича “Янги Сурия армияси”ни тайёрлаш ва қуроллантириш дастурлари ҳам ўзини оқламади. Яқинда АҚШ Сенатида ташкил этилган парламент эшитувида ҳисобот берган АҚШ Қуролли Кучлари бош штаби бошлиғи генерал Ллойд Остин АҚШ уч йил давомида 15 минг жангарини тайёрлаши ва қуроллантириши лозим бўлган ҳолда 120 нафар кишини ўқита олганини тан олди. Айни пайтда улардан “4-5 нафари”гина “Ислом давлати” террористик ташкилотига қарши курашмоқда. Ваҳоланки, ушбу мақсадларда Америка ғазнасидан 500 миллион ажратиш кўзда тутилган эди. Унинг 41 миллион доллари эса аллақачон сарфлаб бўлинган.

Сўз ўйини — урушда кейинги қадам ёхуд Сурия инқирозининг ечими Россиянинг қўлидами?

Сўнгги пайтларда Америка оммавий ахборот воситаларида Россиянинг Сурия инқирози масаласида фаоллашгани хусусида ахборотлар жуда кўпайди. Аввало, Сурияда рус ҳарбий самолётлари ва инструкторлари жойлаштирилгани ҳақида тарқалди. Гарчи бу хабарларни Ғарб давлатлари ҳукуматлари эҳтиёткорлик билан шарҳлаган бўлса-да, Сурия инқирози бўйича дастлабки “сигналлар” пайдо бўла бошлади.

Аввало, Владимир Путин Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Душанбе саммитида Башар Ассад мамлакатда ўтиш ҳокимиятни “соғлом муҳолифат” билан бирга баҳам кўришга тайёрлигини қайд этди.

АҚШ ҳукумати азалдан Сурия бўйича ҳар қандай тинчлик музокараларни Башар Ассад келажаги билан боғлиқ бўлмаслиги кераклигини таъкидлаб келар эди. Аммо АҚШ давлат котиби Жон Керри яқинда “Башар Ассад барибир истеъфога чиқиши керак, аммо бу бирданига юз бериши шарт эмас”, деди. У Сурияда фуқаролик урушини тўхтатиш бўйича якуний битимга эришилгунга қадар Башар Ассад ўтиш ҳукуматини бошқариб туриши мумкинлигини инкор қилмади. У ҳатто Башар Ассад билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб борилишини ҳам рад этмади. Бундай сўзлар Буюк Британия ташқи ишлар вазири Филип Ҳаммонддан ҳам янгради.

Сурия харитасининг бугунги кўриниши
Сурия харитасининг бугунги кўриниши

Германия канцлери Ангела Меркель эса Сурия келажаги борасидаги мулоқотларда жуда кўп томонлар, шу жумладан, Башар Ассад ҳам иштирок этиши кераклигини маълум қилди. Унинг фикрича, бу мулоқотларда Эронга ҳам, Саудияга ҳам жой бўлиши керак.

Буларнинг барчаси дунё ҳамжамиятида янги ишонч ва умидни уйғотиши турган. Бинобарин, Сурия инқирози аллақачон Сурия чегарасидан чиқиб бўлди ва унинг оқибатлари жуда кўплаб мамлакатлар учун жиддий муаммолардан бирига айланиб улгурди.

Сўнгги воқеаларни кузатиб шуни айтиш мумкинки, Сурия ҳукумати ва дунёвий Сурия мухолифати ўртасида вақтинчалик сулҳга эришилиб, асосий зарбалар халқаро ҳамжамият кўмагида “Ислом давлати” террористик ташкилотига қарши қаратилиши мумкин. Албатта, бундай келишувга эришиш учун камида анча вақт керак бўлади, қолаверса, ушбу террористик ташкилот Суриянинг қарийб ярим ҳудудини назорат қилаётганини инобатга оладиган бўлсак, уруш олови ҳали-бери ўчмайди.

Террористларнинг асосий ўзаги йўқ қилингач, умуммиллий келишувга эришиш чоралари кўрилиши ҳамда мамлакатда сайловлар ўтказилиши мумкин. Бу жараён биринчи сулҳдан кўра оғирроқ ва хавфлироқ бўлиши турган гап. Нима бўлганда ҳам Сурия ва унинг атрофидаги аҳоли инсоният тамаддунининг энг гуллаган даври — 21-асрда бундай зулм ва уқубатларга йўлиқиши адолатдан эмас. Урушни тўхтатишнинг вақти келди. Буни кимнинг қўли билан, кимнинг истаги билан амалга ошириш — бошқа масала.