Минодаги фожеада Ўзбекистон зиёратчилари зарар кўрмадилар

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни соат 7.05да Маккадаги Мино водийсидан Жамарот майдонига олиб борувчи 204 ва 223-йўллар туташган чорраҳада зиёратчиларнинг катта оқимлари ўзаро тўқнаш келишлари оқибатида бахтсиз ҳодиса рўй берган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси матбуот хизмати хабарида айтилишича, Ўзбекистондан келган зиёратчилар фожеада зарар кўрмадилар.

Рўй берган фожеа оқибатида 717 нафар зиёратчи ҳаётдан кўз юмган, 863 нафар одамлар тан жароҳати олган. Расмий маълумотларда ҳалок бўлганлар турли мамлакат фуқаролари экани қайд этилди.

Ўзбекистондан келган зиёратчилар фожеада зарар кўрмадилар. Воқеа содир бўлган вақтда юртдошларимиз Муздалифа водийсидан Мино водийсига кўчиш жараёнида эди.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги белгилаб берган жадвалга мувофиқ соат 10.00 дан тартибли равишда Жамаротдаги ҳаж амалларини бажаришни бошладилар.

SHARE