Шанхай ҳокимияти вакили: Ўзбекистон билан беш йўналишда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз

Шанхай маъмурияти Ўзбекистон билан беш йўналишда ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга тайёр. Шанхай шаҳар ҳокимияти Ташқи ишлар бошқармаси раҳбари ўринбосари Фу Цзихуннинг “Ватандош” мухбирига айтишича, қадимий Буюк ипак йўлини қуруқлик ва денгизда тиклаш бўйича халқаро лойиҳа ўзаро робиталарни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Савдо-иқтисодий муносабатлар ҳамкорликнинг биринчи йўналиши саналади. Жаноб Фуга кўра, сармоядор ва ишбилармонлар фаоллигини ошириш учун савдо-иқтисодий жабҳада ахборот алмашувини жонлантириш лозим.

Молиявий соҳа ҳамкорликнинг иккинчи истиқболли жабҳасидир. “Шанхай молиявий хизматлар бўйича дунёда етакчи ўрин тутиши сир эмас. Масалан, биргина суғурта йўналишида манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш мумкин”, – дейди Шанхай ташқи сиёсат маҳкамаси расмий вакили Фу Цзихун.

Шунингдек, шаҳарсозлик ва маданий-гуманитар соҳаларда алоқаларни кучайтириш имкони мавжуд.

Шанхай маъмурияти вакилига кўра, туризм ҳамкорликнинг бешинчи, истиқболли йўналиши ҳисобланади.

“Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон сайёҳликни ривожлантириш борасида катта салоҳиятга эга. Мамлакатингиз кўҳна шаҳарлари, тарихий обидалари билан тилга тушган. Шанхай халқи саёҳатни хуш кўради. Демак, шаҳримиз аҳлига Ўзбекистонни яқиндан таништириб, бу борадаги ҳамкорликни ҳам жонлантириш мақсадга мувофиқдир. Дарвоқе, ўзим ҳам 2005 йилда Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳарларини зиёрат қилганман. Ўзбекистонга сафар қалбимда бир умрлик илиқ таассуротлар қолдирган”, – дейди жаноб Фу Цзихун.

Шанхай нафақат Хитой, балки дунёнинг йирик молиявий марказларидан бири сифатида эътироф этилган. Ўтган асрнинг 90-йилларида амалга оширилган очиқ эшиклар ислоҳотидан кейин мегаполис юксалиш даврига қадам қўйди. 2014 йилда шаҳар ялпи ички маҳсулоти 2,356 триллион юань ёки 383,55 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Янцзи дарёси ирмоғида жойлашган порт шаҳар муҳим транспорт бўғини сифатида муҳим стратегик аҳамият касб этади. Айни пайтда ушбу мегаполисда 24 миллион аҳоли истиқомат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Шанхай ҳамда Тошкент биродар шаҳарлар деб эълон қилинган.

IMG_0605 IMG_0522 IMG_0507 IMG_0424 IMG_0394

Собир Камол

Муаллиф олган суратлар

SHARE