Ўзбекистон аҳолиси даромади 2030 йилда дунёнинг ўртача кўрсаткичидан ошади

Ўзбекистон 2030 йилда аҳоли даромади дунё кўрсаткичларидан ўртача кўрсаткичидан юқори бўлган даромадга эга мамлакатлар қаторига киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТнинг барқарор тараққиёт саммитидаги нутқида маълум қилган.

Вазирнинг қайд этишича, бунда қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини яхшилаш, қишлоқ ва шаҳар аҳолиси ўртасида уй-жой ва коммунал хизматларга, ижтимоий ва бозор инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

Ташқи ишлар вазири Ўзбекистонда қишлоқда намунали уй-жойлар қурилишига оид дастур давом эттирилишини маълум қилди. “Бундай турдаги уйларнинг барпо этилиши одамлар яшаш шароитларини яхшилаш билан бирга, турмуш тарзини тубдан ўзгартириш, қишлоқ аҳолиси тафаккурини ўзгартириш, шаҳар ва қишлоқ яшаш шароитларидаги тафовутни бартараф этишга қаратилган”, деди вазир.

Жаҳон банки дунё мамлакатлари аҳолиси даромадларини уч тоифага ажратган бўлиб, улар “кам”, “ўртача” ва “юқори” қисмларга бўлинади. “Ўртача” даромад кўрсаткичи эса “қуйи ўртача” ва “юқори ўртача” тоифаларига ажратилган. Ўзбекистон айнан “қуйи ўртача” қисмида жойлашган.

averagesalary8