Россия, Сурия, Ироқ ва Эрон “Ислом давлати”га қарши курашда ўзаро ахборот алмашади

Россия, Сурия, Ироқ ва Эрон Бағдодда “Ислом давлати” террористик ташкилотига қарши курашиш мақсадида ахборот марказини ташкил қилишди. Бу ҳақида Россия ҳарбий-дипломатия соҳасидаги манбасига таяниб, “Интерфакс” хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, ахборот маркази бўйича қарор қабул қилинган ва унга тўрт мамлакат қуролли кучлари бош штаблари вакиллари киради.

Марказнинг асосий вазифаси Яқин Шарқ минтақасидаги жорий вазият хусусида ахборот тўплаш, қайта ишлаш, умумлаштириш ва уларни таҳлил қилишдан иборатдир. Ахборотдан белгиланган тартибда фойдаланилади ва иштирокчи мамлакатлар бош штабига юборилади.

Марказга ҳар бир мамлакатдан вакил раҳбарликни амалга оширади ва раҳбарлик ҳар уч ойда ўзгариб туради. Ҳозирги вақтда марказга Ироқ ҳарбийлари раҳбарликни амалга оширади. Истиқболда ушбу марказ негизида террористик ташкилотга қарши курашиш учун тезкор ҳарбий амалиётни режалаштириш учун махсус мувофиқлаштириш қўмитаси тузилиши мумкин.

The New York Times газетасининг ёзишича, ушбу хабар АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти учун кутилмаган бўлган. Гап шундаки, “Ислом давлати”га қарши курашишда Ироқ Америка саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, Россия билан тезликда якдил тўхтамга келди.

Экспертларнинг фикрича, Башар Ассад шиалардан бўлгани учун ҳам Ироқ ҳукумати бошқа йўл тутиши жуда қийин. Чунки Ироқда шиалар кўпчиликни ташкил қилиши ҳеч кимга сир эмас.