Янги iPhone смартфонларининг бозори чаққон келди

Фойдаланувчилар ва блогерларнинг кескин танқидларига қарамасдан Apple компаниясининг янги iPhone 6s ва 6s Plus мобиль қурилмалари бозори чаққон келди.

Компаниянинг 28 сентябрь, душанба куни маълум қилишича, янги маҳсулотлар пайдо бўлганидан сўнг биринчи дам олиш куни (weekend)да 13 миллион дона iPhone 6s ва 6s Plus пулланган. Ваҳоланки, бундан бир йил аввал компания 10 миллион iPhone 6 ва 6 Plus мобиль қурилмаларини сотган эди.

The New York Times газетасининг ёзишича, маҳсулот савдосидаги ўсиш, аввало, янги бозорлар ўзлаштирилгани билан боғлиқдир. Чунки бу йил компания дунёнинг ўнлаб мамлакатлари қатори Хитойда ҳам илк марта бошқа мамлакатлар билан бир вақтда савдосини қўйди. Чунки илгарилари iPhone 6s ва 6s Plus қурилмалари сотуви бошлангандан сўнг Хитойда махсус рухсатномани олиш учун кўп вақт кетиши сабабли ушбу мамлакатда айфон савдолари бир неча ҳафта кеч бошланарди.

Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, компания жорий йилнинг охирига қадар 78,4 миллион дона iPhone 6s ва 6s Plus сотишга эришади. Бошқа экспертлар эса бу рақам 77 миллион донага етишини прогноз қилишяпти.

Эслатиб ўтамиз, Apple ўзининг янги iPhone 6s ва 6s Plus мобиль қурилмаларини шу йилнинг сентябрь ойи бошида омма эътиборига ҳавола қилган эди.

SHARE