Ўзбекистон бойитилган ураннинг охирги захираларидан халос бўлди

Ўзбекистонда ўта бойитилган ураннинг сўнгги захиралари кейинчалик қайта ишлаш учун Россияга олиб чиқиб кетилди.

Бу ҳақида БМТ радиоси Халқаро атом энергияси агентлигига (МАГАТЭ) таяниб хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, 24 сентябрь куни ўта бойитилган ураннинг сўнгги захиралари кейинчалик қайта ишлаш учун Ўзбекистондан Россия Федерациясига олиб чиқиб кетилди.

Газета.uz хабар беришича, уранни ядро ёнилғисини қайта ишлаш билан шуғулланадиган давлат корхонаси — “Маяк” ишлаб чиқариш бирлашмасига бериш Россияда ишлаб чиқарилган тадқиқот реакторлари ёнилғисини қайтариш дастурининг сўнгги босқичидир. Ушбу дастурни МАГАТЭ, Россия ва АҚШ Ядро хавфини камайтириш бўйича глобал ташаббус доирасида амалга оширмоқда.

Ташаббусдан кўзланган мақсад Ўзбекистон сингари мамлакатларга ўта бойитилган уран билан боғлиқ таҳдидларни камайтиришда техник ёрдам кўрсатишдир. Дастур иштирокчилари ҳам ўта бойитилган ураннинг йиғилиб қолган захираларини йўқ қилиш ва тадқиқот реакторларини кам бойитилган уран ёнилғисига ўтказиш йўли билан ядро материалларини тарқатмасликни ёқлаб чиқмоқда.

SHARE