Ислом Каримов: Фақат ғалла ва пахта етиштириш билан юксак фаровонликка эришиб бўлмайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 29 сентябрь куни Наманган ва Фарғона вилоятларида бўлди. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

Ислмо Каримовнинг ушбу сафарда қайд этишича, биз мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётини барпо этишда шошма-шошарликка йўл қўймадик, маррани ким тезроқ эгаллайди, қабилидаги мусобақаларга қўшилмадик, ўзгалардан нусха олмадик. Чуқур ва пухта ўйланган, машҳур беш тамойилга асосланган, жаҳон миқёсида тараққиётнинг “ўзбек модели” деб тан олинган дастурни босқичма-босқич амалга оширдик. Бунинг самарасини мамлакатимиз эришаётган улкан ютуқ ва марраларда кўриш мумкин.

Мамлакатимиз иқтисодиёти истиқлол йилларида 5,5 каррадан зиёд ўсгани, аҳолининг реал даромадлари жон бошига 9 марта кўпайгани, глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамасдан, сўнгги ўн бир йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш ҳажми 8 фоиздан юқори бўлиб келаётгани алоҳида қайд этилди.

Фақат ғалла ва пахта етиштириш билан юксак фаровонликка эришиб бўлмайди, деди Ислом Каримов. Доим изланиш, ўрганиш, дунё билан ҳамқадам бўлиш, янги марралар сари интилиш зарур. Қишлоқларда одамларга юқори даромад келтирадиган замонавий саноат корхоналарини кўпайтириш, иқтисодиёт тармоқларини таркибий ўзгартиришни изчил давом эттириш керак.

Илгари ҳавас қилган мақсадларимизга бугун эришмоқдамиз. “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг манфаатлари учун” деган эзгу ғоя одамларимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Бу барчамизга қанот, ўз кучимизга ишонч, айни чоғда қувонч бағишламоқда, деди Ислом Каримов.

SHARE