Ислом Каримов Ватаннинг қадрини чуқурроқ тушуниш учун хориждаги юртдошларимиз юбораётган мактубларни ўқиш кераклигини айтди

Ўзбек миллатининг айрим кўзга ташланаётган хислати борки, ҳаммамиз қаерда бўлмайлик, айниқса, узоқроқ бўлса, шу юртга қайтишга ҳаракат қиламиз, деди Ислом Каримов Фарғона вилоятига ташрифи чоғида аҳоли билан учрашувида.

Президент одамлар онг-тафаккуридаги катта ўзгаришлар бўлаётганини, хусусан, ёшларнинг оилага, ота-оналарнинг болага, болаларнинг ота-онага муносабатини бошқа жойларда учратиш мумкин эмаслигини айтди.

Ислом Каримов қидириб-қидириб бунақа ватанни топа олиш қийинлигини айтди. Ватан ягона, битта бўлади. Шундай миллатлар борки, ўзи қаерда яшаётганини билмайди, ҳеч қанақа ғурур деган нарса йўқ. Ҳар мустақиллик байрамида ватандошларимиз — Америкадан, Саудия Арабистонидан жуда соғиниб телеграммаларини юборишади. Ушбу телеграммаларни биз газеталарда бостириб чиқамиз. Уни ўқисангиз, ушбу сўзлар ватандошларимизнинг қалб қўридан чиқаётганига гувоҳ бўласиз. “Сизлар қандай буюк заминда яшаяпсизлар” деган маънони уқиймиз. Мана шуни тушуниш учун уларнинг хатларини ўқиш керак, шуни кўрганда, одамларнинг, айниқса, ёшларнинг кўзи очилиб, солиштириши, бугунги кун билан қиёслаши керак.