Анқара: Россия Сурия мухолифатини бомбардимон қилишни тўхтатиши лозим

Россия Сурия мухолифатига ҳужумларни бас қилиши керак. Туркия ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда мазкур талаб илгари сурилган.

Расмий Анқара тарқатган ҳамда АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Саудия Арабистони ва Қатар томонидан қўллаб-қувватланган баёнотда Россияга асосий эътиборни “Ислом давлати” террорчи гуруҳига қарши курашга қаратиш тавсия этилган.

Туркия ташқи сиёсат маҳкамаси баёнотида сўнгги кунларда Россия авиацияси Сурияда амалга ошираётган ҳаво ҳужумларидан тинч аҳоли жабр кўргани таассуф ила қайд этилган.

“Мазкур ҳарбий ҳаракатлар вазиятни янада издан чиқариб, экстремизм ва радикализмнинг кучайишига олиб келади” дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Россия ҳарбий ҳаво кучлари жорий йил 30 сентябрь куни Сурияда операция бошлади. Россия мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумлари “Ислом давлати” ва бошқа террорчи гуруҳлар бошпаналарига йўналтирилганини билдирган.

Суриянинг амалдаги президенти Башар Асадга қарши курашаётган Сурия озодлик армияси вакиллари эса Россия ҳарбий самолётлари ҳужуми “Ислом давлати” позицияларига эмас, мухолифатга қарши қаратилгани ҳақида баёнот берган. Мухолиф кучлар миллий коалицияси раҳбари Холид ал-Хожа ҳам ҳужумлар оқибатида Хомс музофотида 36 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини маълум қилган.

Қолаверса, минтақа давлатларидан Сауд Арабистони “кўп сонли бегуноҳ инсон ҳаётига зомин бўлаётган” авиазарбаларни кескин қоралаб чиққан.

Аслида, Туркия ҳукумати Россия ҳарбий ҳаво кучлари операциялари юзасидан ўз муносабатини аввалроқ очиқлаган эди. Хусусан, жорий йил 1 октябрь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Туркия ташқи ишлар вазири Фаридун Синирлиўғлу Россия ҳарбий самолётлари ҳужумлари “Ислом давлати” объектларига эмас, мухолифат ва тинч аҳоли яшаётган ҳудудларга қаратилгани ҳақида маълумотлар борлигини билдирган эди. Туркия бош дипломати ҳам Кремль юритаётган мазкур сиёсат Сурия инқирозининг янада мураккаблашишига олиб келишини таъкидлаган эди.

Шу билан бирга, 30 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 70-сессиясида маъруза қилган Туркия  бош вазири Аҳмет Давутўғлу бир қатор муҳим масалалар қатори Суриядаги вазиятга ҳам тўхталган. Туркия ҳукумати раҳбарига кўра, президент Башар Асаднинг музокара ҳамда сиёсий мулоқотларда иштирок этиши мақсадга мувофиқ эмас ва у ҳокимиятдан кетмагунча, “Ислом давлати” устидан ғалаба қозониб бўлмайди.

Туркия ҳукумати “Ислом давлати” террорчи гуруҳининг асл ислом динига алоқаси йўқлигини уқтириб келади. Расмий Анқара нуқтаи назарига мувофиқ, халқаро ҳамжамият “Ислом давлати”га қарши кураш билан чекланмай, Сурия ва Ироқда қўпорувчиликнинг ёйилишини тўхтатиш борасида ҳам бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмоғи лозим.

Туркия Республикаси ташқи сиёсати миллий етакчи Мустафо Камол Отатуркнинг “Мамлакат тинч – дунё тинч” ақидасига таянади. Тинчликпарварлик, барқарорлик ва хавфсизлик ташқи сиёсатнинг муҳим тамойиллари саналади. Расмий Анқарага кўра, Туркия келгусида ҳам ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва инсоният фаровонлиги учун қатъият билан чора-тадбирлар кўришда давом этади.

Собир Камол

SHARE