Германия ташқи ишлар вазири: Берлин девори эрксевар инсонларнинг жасорати туфайли қулаган

3 октябрь куни Германияда ягона Олмон давлати таъсис этилганининг 25 йиллиги қизғин нишонланди. Мазкур тарихий сана муносабати билан Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер нома йўллади.

“Бундан 40 йил муқаддам Хельсинки Якунловчи шартномаси имзоланган кездаёқ биз – олмонлар ва қўшниларимиз Европада янги муносабатлар даври бошланганини ҳис этган эдик. Барчамизнинг қалбимиз барқарорлик ва тинчлик умиди билан лиммо-лим тўлган эди. Ғарб ва Шарқ муносабатларидаги тарангликнинг йўқолиши совуқ урушни енгишга йўл очди. Қўшниларимиз ҳамда ҳамкорларимиз ўша кезларда Германияга ишонч билдиргани учун ғоят миннатдормиз. Негаки, айнан ўша ишонч ва хайрихоҳлик туфайли мамлакатимиз парокандаликни бартараф эта олди, Европа эса яна бир муштга дўнди” дейди доктор Франк-Вальтер Штайнмайер ўз номасида.

DSC03225

Германия ташқи ишлар вазирига кўра, Берлин девори собиқ ГДР ва Шарқий Европадаги эрксевар инсонларнинг жасорати туфайли қулаган.

1990 йили икки Германия демократия ва қонун устуворлиги мезонлари асосида бирлашган эди. Олмон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг таъкидлашича, мазкур мезонлар бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган.

“Германиянинг бирлашуви ҳукуматлар фуқаролар ишончига муҳтож эканини яна бир карра исботлаб берди. Кимки асосий ҳуқуқларни муҳофаза этса, у одамларнинг ишончини қозонади, иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт имкониятларини тўлалигича юзага чиқара олади, қўшнилар ва ҳамкорлар билан ўзаро ишончга асосланган робитани йўлга қўяди ҳамда уни сақлаб қолишнинг уддасидан чиқади” дейди нома муаллифи.

DSC03877

Германия ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, бугунги нотинч замонда, хусусан, Яқин Шарқ ҳамда айрим Африка давлатларида уруш, зўравонликлар ҳукм сураётган бир пайтда узоқ йиллар давомида қўлга киритилган тинчликни кўз қорачиғидек асраш учун барча чораларни кўрмоқ лозим.

Франк-Вальтер Штайнмайер икки жаҳон муҳорабаси ҳамда Германиянинг парокандалигига гувоҳ бўлган Европа учун нажот йўли фақат ҳамжиҳатликда эканини уқтиради.

DSC03912

“Германия ва Европа бирлашганига 25 йил тўлган бир паллада Германия наинки ўзи учун, балки умумевропа лойиҳаси ҳамда Европадаги барқарорлик ва жипслик учун ҳам масъул эканини яхши англайди” дейди олмон ташқи ишлар вазири.

1980-йиллар охири нафақат Германия, балки Европа тарихидаги муҳим давр саналади. Ўша кезлар таъқиб ва тазйиқлардан сабр косаси тўлган ГДР аҳолиси эрк учун курашга киришди. Шу тариқа 1989 йилнинг 9 ноябрида ягона олмон давлатининг икки лагерга бўлиб ташлаган Берлин девори қулади. Бу эса икки тузумда яшаб келган ягона миллатнинг бошини қовуштиришга йўл очди.

DSC05166

Германиянинг бирлашуви Иккинчи жаҳон урушидан кейин амалга киритилган халқаро тартибни ўзгартириб юборди. 1990-йиллар бошида социалистик лагерга мансуб Шарқий Европа мамлакатларининг демократия томон юз буришида ҳам айни шу омил ҳал қилувчи ўрин тутди.

Айтиш керакки, Германиянинг бирлашуви олмон халқини яна бир жиддий имтиҳондан ўтказди. Салкам ярим аср давомида социалистик тузумда яшаган Шарқий Германияни оёққ турғазиш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш учун федерал ҳукумат жиддий чора-тадбирлар кўрди. Хусусан, 1991 йилда Германияда бирдамлик солиғи жорий этилди. Бунга кўра, Ғарбий Германиядаги жисмоний ва юридик шахслар даромадининг маълум улушини Шарқий Германия тараққиёти йўлида сарфлайди. Айни пайтда ушбу солиқ миқдори 5,5 фоизни ташкил этади. Таҳлилларга кўра, бу каби ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида чорак аср ичида Ғарбий ва Шарқий Германия ўртасидаги иқтисодий тафовут кескин қисқарган.

DSC05351

Эслатиб ўтамиз, 3 октябрь – Олмон бирлиги куни муносабати билан Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам бир қатор тадбирлар ташкил этди. Хусусан, “Facebook” ижтимоий тармоғида Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Ҳёфер-Виссинг билан жонли мулоқот ўтказилди.

Собир Камол,
Муаллиф олган суратлар

SHARE