Ўзбекистондаги йирик меҳмонхоналаридан бири Ҳилтон бошқаруви остига ўтади

Ўзбекистондаги йирик меҳмонхоналардан бири International Hotel Tashkent жаҳон стандартлари бўйича қайта модернизация қилиниб, халқаро Hilton меҳмонхоналари тармоғи назорати остига ўтади. Бу ҳақида Sputnik агентлиги “Ўзбектуризм” миллий компаниясига асосланиб хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, айни пайтда лойиҳанинг техник ва иқтисодий асосланиш ва баҳоланиш ишлари олиб борилмоқда. Hilton тармоғи меҳмонхонани ўз бошқарувига олишни режалаштирмоқда. Меҳмонхона оператори билан жорий келишув ўтган йилда имзоланган эди.

“International Hotel Tashkent анча олдин қурилган эди, энди у Hilton тармоғи талабларига жавоб бериши керак. Унинг модернизациясига йирик инвестициялар йўналтирилади”, – деди “Ўзбектуризм” вакили Sputnik агентлиги билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, келгуси йилда Ўзбекистонда яна бир дунёга машҳур меҳмонхоналар тармоғи — Hyatt Regency бошқаруви остида янги меҳмонхона ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.

SHARE