Қирғизистонда парламент сайловида социалистлар энг кўп овоз олишди

Шу йилнинг 4 октябрь — якшанба куни Қирғизистонда парламент сайлови бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси сайлов якунлари асосида 6 та сиёсий партия қонунчилик органидан жой эгаллаганини маълум қилди.

Унга кўра, Қирғизистон социал-демократик партияси (СДП) 27,4 фоиз овозга эга бўлган. Ушбу партияни президент бўлгунига қадар Аламазбек Атамбаев бошқарган.

СДПдан кейинги ўринда мухолифатдаги “Республика – Ата-Журт” (21 фоиз), “Қирғизистон” (12,8 фоиз), “Онугуу – Прогресс” (9,3 фоиз), “Бир бол” (8,5 фоиз) ва “Ата-Мекен” (7,7 фоиз) каби партиялар парламентдан жой олган.

Қирғизистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хабарига кўра, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга аҳолининг 59 фоизи овоз беришда иштирок этган.

Сайловда жами 14 та сиёсий партия парламентдаги 120 ўрин учун кураш олиб борди. Қирғизистон сайлов қонунчилиги талабларига кўра, парламент сайловида 7 фоиз овоз олган партиягина Жўқорғи Кенешда ўз фракциясини тузиши мумкин.

SHARE