“Сим қоқди” нима дегани?

Ҳар бир иборанинг шаклида у пайдо бўлган даврга хос воқелик ҳам акс этиши мумкин. Абдулла Қаҳҳорнинг «Кампирлар сим қоқди» деган ҳикоясида уруш йилларида беш кампирнинг биргалашиб ипак қурти боққани, мўл пилла етиштириб, фронтга ёрдам бергани тасвир этилган. Ҳикоя охирида колхоз раиси кампирларнинг бу ютуғи ҳақида Тошкент радиосига «сим қоқади», яъни телефон орқали хабар қилади.

Ҳозир ҳам айрим зиёлилар «сим қоқиб, дарагини айтиб қўярсиз» деб тайинлашади. Хўш, қўнғироқ қилиш нима сабабдан «сим қоқиш» тарзида ифодаланган? Қандай келиб чиққан у?

Бизнингча, бунга ХХ асрнинг ўттизинчи йилларида ҳаётимизга кириб келган бир янгилик сабаб бўлган. Кекса одамлар яхши хотирлайди — автобус қатнови энди-энди йўлга қўйилган замонда у маданий бир улов тури, цивилизациянинг зўр ютуғи саналган. Худди самолёт салонидаги каби, ҳамма ўз чиптасида кўрсатилган жойда ўтирган, ортиқча билет сотилмаган. Салонда ҳо­зиргидай бақириб-чақи­ришлар, «Ҳой шўпир, шўтта тўхтат, тушаман!» деб айюҳаннос солиш мумкин бўлмаган. Кимдир тушмоқчи бўлса, автобус ойналари устидан тортилган симни қоқар, шунда симнинг кабинадаги учига осилган қўнғироқ жаранглаб, ҳайдовчини огоҳ этар эди (у даврда салонлар электрлаштирилмаган). Ўртароқдаги одамлар ёнидагилардан «симни қоқиб юборинг, мен тушмоқчи эдим» деб илтимос қилган.

Ўшандан сал кейинроқ Ўзбекистонда телефон оммалаша бошлади. Бунда ҳам аввал қўнғироқ жаранглагани ва одамлар сим орқали алоқа қилгани боис, аналогия усулида «сим қоқиш» деб аталиб кетган.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ
“Оила даврасида” газетасидан олинди.